Мамлакат шимолидаги Иватэ префектурасида тўрт кундан бери иккита йирик ўрмон ёнғини давом этмоқда.
Ўтни ўчиришга 1000 дан ортиқ киши, жумладан, ўз-ўзини ҳимоя қилиш кучлари вертолётлари жалб қилинган. Ёнғин Оцути шаҳридаги аҳоли пунктларига яқинлашгани сабабли 1500 дан ортиқ хонадон ва 3233 нафар фуқарога эвакуация қилиш тўғрисида буйруқ берилди. Ҳозиргача 730 гектардан ортиқ майдон ва 8 та бино ёниб кулга айланган, қурбонлар ҳақида маълумот йўқ.
Маҳаллий метеорология агентлиги кейинги ҳафтада ёғингарчилик кутилмаётганини билдирди.
Маълумотларга кўра, ушбу ёнғинлар қамрови бўйича Япония тарихидаги учинчи энг йирик кўрсаткичга айланди (2025 йилдаги Офунато ва 1992 йилдаги Кусиро ёнғинларидан кейин). Ҳозирда ўт ўчирувчилар ва авиация оловни жиловлашга ҳаракат қилмоқда.