Бугун 14 октябрь, 2026 йил, чоршанба

O'ZB

Yandex Uzbekistan сервислар фаолияти аста-секин тикланаётганини маълум қилди

Yandex Uzbekistan сервислар фаолияти аста-секин тикланаётганини маълум қилди

Якшанба куни Россиянинг Владимир шаҳридаги «Яндекс» дата марказига қилинган ҳужумдан кейин фаолиятида узилиш кузатилган Yandex Uzbekistan сервислари аста-секин тикланмоқда.

Душанба куни кечқурун компания матбуот хизмати Gazeta’га Yandex Go ва у билан боғлиқ кўплаб сервислар одатий тартибда ишлаётганини маълум қилди. Айрим функция ва сервисларда эса хатолар ҳали ҳам кузатилиши мумкин.

«Ҳозирги устувор вазифа — фойдаланувчилар, ҳайдовчилар, курьерлар ва ҳамкорлар учун тўловлар ҳамда қўллаб-қувватлаш хизматларининг барқарор ишлашини таъминлаш. Душанба куни таксопарк ҳамкорларга барча тўловлар одатдагидек автоматик тарзда амалга оширилди. Ҳайдовчилар учун тезкор тўловлар ҳам мавжуд. Айрим тўловларда ҳали хатолар ёки кечикишлар бўлиши мумкин, уларни бартараф этишга устувор аҳамият қаратяпмиз», — дейилади компания хабарида.

Айрим фойдаланувчилар буюртмалар учун тўлов қилишда хатоларга дуч келмоқда. Нотўғри ечиб олинган маблағлар билан боғлиқ барча ҳолатлар кўриб чиқилади. Бироқ қўллаб-қувватлаш хизматига тушаётган мурожаатлар кўпайгани сабабли, муаммони ҳал қилиш кўпроқ вақт олиши мумкин, дея маълум қилди Yandex Uzbekistan.

Yandex Uzbekistan Ўзбекистон фойдаланувчиларининг маълумотлари «қонунга мувофиқ, сервисларимиз фойдаланувчилари маълумотларини тегишли даражада ҳимоя қиладиган юрисдикцияда сақланиши»ни маълум қилган.

Киритилди: 05:30 13.10.2026. Ўқилди: 561 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!