Бугун 27 апрель, 2024 йил, шанба

O'ZB

Яккабоғлик фуқаро: "Шифокор уколидан кейин чақалоғимнинг аҳволи оғирлашди"

Яккабоғлик фуқаро: "Шифокор уколидан кейин чақалоғимнинг аҳволи оғирлашди"

Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида истиқомат қилувчи Ғолиб Зойиров “Nasafnews”га Туман тиббиёт бирлашмасидаги қониқарсиз аҳвол ҳақида шикоят қилди.

Мурожаатда фуқаро 2020 йилнинг 5 январида туғилган чақолоғи Муқаддас Турғуновани 20 февраль куни тиббиёт бирлашмага қарашли болалар бўлимига олиб келгани, аммо унинг фарзандига ажратилган хона қониқарсиз шароитда экани туфайли даволатишга рози бўлмаганини ёзади. Шундан сўнг, Ғолиб Зойиров шифокорлар тавсия этган муолажалар билан ўз ҳудудига яқин жойлашган оилавий поликлиникага мурожаат қилган. Бироқ, поликлиника шифокорлари чақолоқни даволаш бўйича болалар шифохонасига мурожаат этишларини тушунтирган. Болалар бўлимига қайтиб борган ота-она чақолоғига укол олиб уйга қайтади. Аммо шу куни уколдан сўнг чақолоқнинг аҳволи янада оғирлашади.
– Мен шифокорларга деворлари нам тортиб, қорайиб кетган хонада фарзандимни даволашни истамаслигимни айтдим. Улар бўлса, бизда бошқа хона йўқ. Мажбурсиз шу хонада даволатишга деб тушунтирди,- дейди Ғолиб Зойиров.
– 20 февраль куни соат 11 лар атрофида шифокор ёзиб берган муалоажа бўйича ҳамширалар фарзандимга укол қилишди. Бошида ҳаммаси яхши эди, уйга борганимиздан сўнг бирдан боламнинг аҳволи оғирлашди. Шундан сўнг, яна шифохонага олиб келдик. Улар бизни бошқа хонага жойлаштиришди. Лекин ҳеч бир шифокор нега укол қилингандан сўнг чақолоқнинг аҳволи оғирлашганини айтмади,- дейди чақолоқнинг онаси Дилзода Болтаева.

“Nasafnews” ҳолат бўйича болалар шифокори Тўлғаной Ёқубовага юзланди:

-Болада йўталиш, бош айланиш ҳолати аввалроқ кузатилган. Аммо ота-она вақтида буни билиб шифокорга мурожаат қилмаган. Шамоллаш туфайли бола бир неча кун ухламаган. Шундан сўнг, ҳамшира томирига укол қилган, орадан вақт ўтиб касаллик хуружи кузатилган. Ҳозирда чақолоқ назоратимиз остида, аҳволи унча оғир эмас.
Мурожаатчининг шикоятини ўрганиш чоғида болалар бўлимининг шароити билан ҳам танишдик. Ҳақиқатдан ҳам айрим хоналар янги бўлсада деворлар нам тортиб, кўримсиз ҳолга келиб қолган.
Ўрганиш ишларимиз учун ҳокимият буйруғини талаб қилган тиббиёт бирлашма раҳбарининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари Фазлиддин Холбоевнинг таъкидлашича, айрим хоналарнинг бундай кўринишига келиб қолишида қурувчиларнинг ҳам айби бор.
– Ҳар йили ёз ойларида шифохонада жорий таъмирлаш ишлари олиб борилади. Лекин айрим хоналаримизда шамоллатиш (Вентелация) мосламаси ўрнатилмаган. Шу туфайли хоналарда ҳаво айланмаганлиги сабабли деворлар нам тортиб қолаяпти. Ҳар куни деворлар артилиб тозалаб чиқилмоқда.

Болалар бўлими шифокорларининг айтишича, Ғолиб Зойировнинг чақолоғи аҳволи оғирлашишида ҳамширанинг айби йўқ. Чунки болаларда айрим касалликлар оғир кечади.

– Чақолоқни оғир пневмония – ўпканинг яллиғланиш касаллиги билан қабул қилганман. Болалар бўлимининг 2-қаватида жой йўқлиги учун ўша хонага жойлаштиришга мажбур бўлдик. Чунки бизда беморлар жуда кўп, ҳаммасига ҳам бир вақтнинг ўзида хизмат кўрсатишга баъзан шифохонада хоналар етишмайди,- дейди
шифокор Камолиддин Орипов.

Икки томоннинг ҳам важларини тўлиқ тингладик, аммо бизни қийнагани Туман тиббиёт бирлашмасига қарашли болалар шифохонаси замонавий кўринишга эга. Тиббий муолажа ишлари олиб бориш учун деярли шароитлар яратилган. Бироқ оддий эътиборсизлик туфайли муолажа хоналари юқоридаги суратда кўрганингиз каби қўрқинчли ҳолатга келиб қолмоқда.
Ўйлаймизки, мутасаддилар мақолада санаб ўтилган ҳолатлардан тўғри хулоса қилиб, кичик аммо ота-оналар норозилигига сабабчи бўлаётган муаммога ечим топишади.

Киритилди: 12:07 25.02.2020. Ўқилди: 2577 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!