Хоразм вилоятида ажримдан сўнг келиннинг сепи Мажбурий ижро бюроси орқали ўз эгасига қайтариб берилди.
Маълум қилинишича, Фуқаролик ишлари бўйича Хоразм вилоятининг Шовот туманлараро суди томонидан берилган ижро варақасига асосан даъвогар М.Ш.га тегишли мол-мулкларни жавобгар Р.Х.дан олиб бериш белгиланган.
Ажрашган фуқаронинг мурожаати асосида Мажбурий ижро бюросининг Қўшкўпир тумани бўлими томонидан белгиланган тартибда ижро ҳаракатлари амалга оширилди.
Ўрганишлар давомида никоҳ даврида келин томонидан олиб келинган сеп буюмлари аниқланиб, қонуний асосда уларнинг рўйхати шакллантирилди. Рўйхатга мувофиқ, жами 48 турдаги буюм — маиший анжомлар, ошхона жиҳозлари, ётоқ анжомлари, шахсий фойдаланиш буюмлари ҳамда болага тегишли жиҳозлар аниқланди.
МИБ ходимлари томонидан ушбу буюмлар белгиланган тартибда даъвогарга қайтариб берилди.
Қайд этилишича, ижро жараёни амалдаги қонунчилик талабларига тўлиқ риоя этилган ҳолда амалга оширилган. Шу тариқа фуқаронинг мулкий ҳуқуқлари таъминланди.
Киритилди: Бугун 17:38.
Ўқилди: 327 марта.
Фикрлар сони: 0 та.