Хоразм вилоятида фермер хўжалиги раҳбари ўзига ажратилган экин ерида ноқонуний тарзда сунъий кўл ташкил қилгани аниқланди.
Бош прокуратуранинг маълум қилишича, олиб борилган текширувлар давомида фермер хўжалиги раҳбари И.Б. Боғот туман ҳокимининг қарорига асосан ўзи раҳбарлик қилиб келаётган «М.Р» фермер хўжалигига 46 йил муддатга ижара ҳуқуқи асосида ажратилган 29,8 гектар экин ерининг 7,3 гектар суғориладиган қисмида ноқонуний равишда сунъий кўл ташкил қилгани аниқланди.
Фермер хўжалиги томонидан қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчилигига йўл қўйилган ҳамда давлат ва жамият манфаатларига 1 миллиард 822 миллион сўм миқдорида зарар етказилган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан фермер хўжалиги раҳбарига нисбатан Жиноят кодексининг 197-моддаси (Ердан фойдаланиш шартларини ёки уларни муҳофаза қилиш талабларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.