Пекиннинг сунъий йўлдош ишлаб чиқарувчилар ва операторлар марказига айланиши кутилаётган "Йўлдош шаҳар" (Satellite City) мажмуасининг марказий қисми 2026 йилнинг иккинчи ярмида қуриб битказилади.
Давлат оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, ҳозирда Хитойда космик учиришларнинг 60 фоиздан ортиғи тижорий компаниялар ҳиссасига тўғри келмоқда ва кўплаб корхоналар ўз акцияларини биржага чиқаришга шошилмоқда.
"Future Aerospace" компанияси эксперти Гао Ибиньнинг таъкидлашича, космик учиришларни тасдиқлаш жараёнининг тезлашиши ва маҳаллий бутловчи қисмлар ишлаб чиқарилиши туфайли Хитойнинг триллион юанлик тижорий космик бозори янги босқичга чиқмоқда. 2026 йилда паст орбитали сунъий йўлдош тармоқлари, космик интернет ва 6G технологияларининг интеграцияси ҳисобига соҳада барқарор ўсиш кутиляпти.
Янги барпо этилаётган "Йўлдош шаҳар" аэрокосмик саноат кластерларини шакллантиришга хизмат қилиб, соҳага йирик капитал, истеъдодли мутахассислар ва илғор технологияларни жалб қилиш учун асосий майдон бўлади.