Бугун 30 апрель, 2024 йил, сешанба

O'ZB

Хитойда Шавкат Мирзиёев ҳақида китоб нашр этилди

Хитойда Шавкат Мирзиёев ҳақида китоб нашр этилди

Пекиндаги Хитой халқаро муаммолар академиясида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳақида хитой тилида чоп этилган китобнинг тақдимоти бўлиб ўтди.

«Президент Мирзиёев - Ўзбекистондаги ислоҳотлар даврининг меъмори» номли асар ХХР Ташқи ишлар вазирлигининг Хитой халқаро муаммолар академияси мувофиқлаштируви остида «Халқаро ҳаёт» нашриёти томонидан чоп этилди.

Асарда Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон бугуни ва эртанги куни ҳақидаги стратегик қарашлари, унинг Марказий Осиё минтақасида ШҲТ ҳамда Евроосиё ҳудудида хавфсизлик ва тараққиёт таъминланишида тутаётган фаол ўрни ўз ифодасини топган. Шунингдек, Ўзбекистон тараққиётининг ўсувчанлиги, сўнгги уч йил ичида мамлакат ички ва ташқи сиёсатида рўй берган эътиборга сазовор ўзгаришлар ҳам хитойлик китобхонларнинг эътиборига ҳавола қилинган.

Бундан ташқари муаллифларнинг Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги стратегик шерикликни янги босқичда янада чуқурлаштириш бўйича концептуал ғоялари ҳам акс этган.

Китоб муаллифлари орасида тадқиқот тизимларининг халқаро рейтингида етакчи ўрин тутадиган Хитой Халқ Республикасида фаолият кўрсатувчи нуфузли таҳлилий-илмий марказлар раҳбарлари ҳамда экспертлари, жумладан, Хитой замонавий халқаро муносабатлар академияси, Ташқи ишлар вазирлигининг Хитой халқаро муаммолар академияси, Хитой ижтимоий фанлар академияси ва бошқа қатор илмий марказларнинг етакчи таҳлилчилари мавжуд.

Тақдимот маросида Хитой Халқ Республикасининг расмий, ижтимоий-иқтисодий, илмий-академик доиралари, Хитойнинг етакчи оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда Пекинда аккредитациядан ўтган бир қатор дипломатик корпус раҳбарлари иштирок этдилар. 

Хитой халқаро муаммолар академияси президенти Ци Чжэнхун маросимни очар экан, Ўзбекистон етакчиси мамлакатнинг узоқ муддатли ривожланишидаги асосий вазифаларни белгилаб бергани ва улар 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасидаги кенг кўламли ислоҳотлар дастурининг асосини ташкил этишини таъкидлади.

«Ўзбекистонда рўй бераётган кенг қамровли ўзгаришлар сабаби «Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун», «Одамлар эртага эмас, узоқ келажакда эмас, айнан бугун ўз ҳаётида ижобий ўзгаришларни кўришни истайди» сингари инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқатга содиқлик билан изоҳланади, – деди у. – Бундай тамойиллар давлат ва жамиятни тизимли ислоҳ қилиш мақсадида Ўзбекистон етакчиси олиб бораётган ички сиёсатнинг асосини ташкил этади.

ХХР ҳукуматининг Евроосиё масалалари бўйича махсус вакили Ли Хуэй ўз чиқишида Президент Шавкат Мирзиёев узоқ истиқболда кўзланган пухта стратегияни ишлаб чиққани хусусида тўхталар экан, ислоҳотлар Ўзбекистонни тараққиёт ва фаровонлик сари дадил етаклаб бораётганини таъкидлади. У қисқа давр оралиғида Ўзбекистон улкан муваффақиятларни қўлга киритгани, мамлакатда ҳар куни эмас, балки ҳар соатда ижобий ўзгаришлар рўй бераётгани, шу боис Марказий Осиёда ва умуман жаҳонда Ўзбекистоннинг обрў-эътибори тобора юксалиб бораётганини эътироф этди.

Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг биринчи бош котиби, ХХР Ташқи ишлар вазирининг собиқ ўринбосари Чжан Дэгуан кейинги йиллар давомида Ўзбекистон президент Мирзиёев раҳбарлигида жадал ривожланаётгани хусусида тўхталиб, халқ билан тўғридан-тўғри мулоқот воситасида инсон манфаатларини таъминлаш борасида изчил ва диққатга молик ўзгаришларга эришилаётганини айтди.

Хитойлик сиёсатчи «Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халққа хизмат қилиши керак» деган тамойил Ўзбекистондаги ўзгаришлар асосини ташкил этишини, бу ХХР Раиси Си Цзиньпиннинг «Марказий ўринга халқни қўйиш зарур, халқнинг яхши ҳаёт учун интилишларини доимо рўёбга чиқариш зарур» деган фикрига ҳамоҳанглигини қайд этди.

Хитой Тижорат вазирлиги Евроосиё департаменти директорининг ўринбосари Лю Сюэсун эса ўз чиқишида Ўзбекистондаги ислоҳотлар бераётган салмоқли самаралар ҳақида атрофлича тўхталди. У Ўзбекистоннинг ўрни халқаро рейтингларда тобора юқорилаб бораётганини ҳамда ислоҳотлар иқтисодий муҳит ва сармоявий иқлимнинг тобора жозибали бўлишига хизмат қилаётганини таъкидлади.

Ўзбекистоннинг Хитойдаги фавқулодда ва мухтор элчиси Бахтиёр Саидов ўз чиқишида тақдимот маросимининг иштирокчиларини самимий қутлар экан, Чин юртида «Президент Мирзиёев – Ўзбекистондаги ислоҳотлар даврининг меъмори» китоби чоп этилишидаги ташаббуслари ва ташкилотчиликлари учун Хитой халқаро муаммолар академияси ва унинг Евроосиё институти, Хитой замонавий халқаро муносабатлар академияси, Шарқий Европа ва Осиё институти, ХХР Давлат Кенгаши ҳузуридаги Европа ва Осиё ижтимоий ривожланиш институтининг Тараққиёт тадқиқотлари маркази ва Хитой Халқ университети жамоалари аъзоларига миннатдорлик изҳор этди.

Ўзбекистон элчиси мамлакатнинг минтақавий сиёсати Марказий Осиёда стратегик жиҳатдан кескин ўзгаришга юз тутган муҳитни яратгани хусусида сўзлаб, республика сўзда эмас, балки амалда минтақани барқарорлик, ривожланиш ва яхши қўшничилик ҳудудига айлантириш учун мустаҳкам пойдевор қўйилишида ташаббускор мамлакат сифатида иштирок этаётганини таъкидлади.

«Жумладан, президент Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиё мамлакатлари етакчиларининг маслаҳат учрашувларини мунтазам ўтказиш тўғрисидаги ташаббуси ҳаётга татбиқ этилаётгани бундан далолат беради. 2019 йил 29 ноябрь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг иккинчи учрашуви олий даражадаги минтақавий мулоқотни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарди», деди Ўзбекистон дипломатик ваколатхонаси раҳбари.

Тақдимот маросимида, Хитой Халқ-сиёсий маслаҳат кенгаши аъзоси, Хитой замонавий халқаро муносабатлар академияси маслаҳатчиси Цзи Чжие, ШҲТ тадқиқотлар маркази директори Дэн Хао, Евроосиё институти директори Ли Цзиго ва бошқа қатор олим ҳамда таҳлилчилар ҳам сўзга чиқди. 

Спикерлар Ўзбекистон президентининг очиқ, ташаббускор ва конструктив сиёсати туфайли қисқа муддат оралиғида яхши қўшничилик, ўзаро ишонч ва ҳурмат, бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш тамойиллари асосида Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги қўшни мамлакатлар билан фаол ва самарали мулоқоти равнақ топганини, ўзаро алоқалар шунга монанд равишда тобора ривожланаётганини қайд этдилар. Жумладан, сувдан фойдаланиш, чегараларни демаркация ва делимитация қилиш, транспорт қатновлари, савдо-иқтисодий алоқалар, минтақалараро ҳамкорлик ва бошқа ўта муҳим масалалар бўйича ўзаро манфаатли қарорлар қабул қилингани бу фикрнинг яққол далили эканлиги таъкидланди.

Маросимда сўзга чиққанлар томонидан «Президент Мирзиёев – Ўзбекистондаги ислоҳотлар даврининг меъмори» номли асар Хитойнинг сиёсатни шакллантирадиган, илмий, академик ва эксперт доиралари вакиллари учун Ўзбекистондаги замонавий ислоҳотларни ҳамда бу жараёнларнинг Марказий Осиёдаги минтақавий хавфсизлик ва тараққиётнинг узоқ муддатли истиқболларига стратегик таъсирини чуқур идрок этиш нуқтайи назаридан муҳим кўмакдош бўлиб қолишига умид билдирилди.

Тақдимот чоғида, шунингдек, Тошкент амалда Афғонистоннинг қўшни мамлакатлар билан минтақавий ва минтақалараро алоқаларига жалб қилиниши ташаббускори бўлиб қолгани, Ўзбекистон президентининг «Барқарор ва фаровон Афғонистон – Марказий Осиёдаги минтақавий хавфсизликнинг гаровидир. Афғонистоннинг тинчлик йўлига ўтиши кўп жиҳатдан унинг иқтисодий ривожланишига боғлиқки, бунда минтақа мамлакатлари иштирок этишлари мумкин ва зарурдир», деган фикрлари тилга олинди.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 1 январдан Хитой фуқаролари учун Ўзбекистон Республикасига киришда визасиз режим жорий этилади.

Киритилди: 06:16 09.12.2019. Ўқилди: 1829 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!