Бугун 29 март, 2024 йил, жума

O'ZB

Хитой қандай қилиб коронавирусни енгмоқда?

Хитой қандай қилиб коронавирусни енгмоқда?

Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Цзян Янь хоним Чин мамлакати қайси усул билан даҳшатли инфекциянинг тарқалиш йўлларини тўсгани, эпидемияга қарши самарали курашишдаги асосий омиллар ҳақида сўзлаб берди:

– Биз жуда кўп гапирамиз: саросима вирусдан ҳам хавфли. Хитой тажрибаси ҳам коронавирус туфайли юзага чиққан хасталикни назорат қилиш ва даволаш мумкинлигини кўрсатди. Хитойда 70 мингдан зиёд ушбу хасталик аломатлари аниқланган кишилар даволаниб уйларига қайтди. Бу натижага шунчаки эришилгани йўқ. Унинг замирида жуда оғир ва машаққатли меҳнат ётибди. Эпидемия тарқалишининг олдини олишдаги ҳал қилувчи омиллар сифатида мен қуйидагиларни кўрсатган бўлардим:

Биринчи омил, бу – ХХР Раиси Си Цзиньпин бошчилигидаги Хитой коммунистик партияси марказий қўмитасининг қатъий раҳбарлиги. Мамлакат етакчиси халқ саломатлигини биринчи ўринга қўйган ҳолда, профилактика ва эпидемия устидан назорат ўрнатишга жуда катта эътибор қаратди ва бу жараённи шахсан назорат қилди. Айни ҳаракат халқнинг эпидемия устидан ғалаба қозонишга нисбатан ишончини мустаҳкамлади.

Иккинчи омил – ҳамжиҳатлик. Таҳликали вазият қаршисида бутун мамлакат ва халқ бирлашди. Хитойнинг барча ҳудудларидан “Оқ либосли фаришталар”,дори воситалари ва энг зарур озиқ-овқат маҳсулотлари Уханга жўнатилди. Шаҳар аҳолиси, ўз навбатида, вирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида икки ойдан зиёд вақт умуман уйдан чиқмади.

Учинчи омил – эпидемияга қарши самарали чоралар. Эпидемия пайдо бўлиши билан бутун мамлакат бўйлаб тиббиёт соҳасида энг юқори даражадаги фавқулодда вазиятда ҳушёрлик жорий қилинди ва вирус профилактикаси ва ихотаси бўйича бир қатор зарур чоралар кўрилди. Бу иложи борича инфекциянинг барча йўлларини тўсиш имконини берди.

Тўртинчи омил, бу – халқаро даражадаги қўллаб-қувватлов. Ҳал қилувчи вазиятда биз 70 дан зиёд давлатдан, жумладан, дўст Ўзбекистондан ҳам инсонпарварлик ёрдамини қабул қилиб олдик.

Эпидемияни профилактика қилиш ва ихоталашда Хитой қандай тажрибага эга бўлди? Таниқли эпидемиолог Чжун Наньшаннинг фикрича, энг аввало зудлик билан энг кўп касаллик аниқланган ҳудудларни ёпиш, касалликни барвақт аниқлаш, ташхис қўйиш ва карантинга олиш мақсадида мамлакатнинг барча минтақалари иштирокида ҳамкорликдаги профилактика ва назорат механизмини йўлга қўйиш керак. Оммавий тадбирларни қисқартириш ва ҳар бир фуқарони муҳофаза қилиш жуда муҳим. Энг самарали чоралардан бири кишиларни уйларидан чиқмасликка, гигиена меъёрларига қатъий риоя қилишга, лозим бўлганда дарҳол шифокорга мурожаат қилишга чақиришдир.

Вирус чегара билмайди. Хитой эпидемия пайдо бўлган биринчи кунларданоқ халқаро ҳамкорликни фаоллаштирди, қисқа муддатда коронавируснинг генетик келиб чиқиш йўлларини топди ва бундан дарҳол жаҳон ҳамжамиятини хабардор қилди. Айни қарор бошқа давлатлар учун ўз саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштиришда муҳим восита бўлиб хизмат қилди.

ЖССТ раҳбари Тедрос Гебрейесус таъкидлаганидек, Хитой бутун дунё учун вақтдан ютди. ХХР мунтазам равишда мамлакатдаги эпидемиологик вазият тўғрисида хабар тарқатмоқда, бошқа давлатлар билан изчил алоқаларни, мувофиқлаштирувчи ҳаракатларни ушлаб турибди.

Эпидемия ер юзи бўйлаб тарқалишда давом этаётган бир пайтда, Хитой коронавирус пандемиясидан азият чекаётган мамлакатлар ва минтақаларга ҳар томонлама кўмак беряпти. Биз “Янги типдаги коронавирус туфайли пайдо бўлган пневмонияни ташхислаш ва даволаш тўғрисидаги протокол” ҳамда “Саёҳатчилар учун профилактика ва эпидемияга қарши кураш бўйича тавсиялар”ни ишлаб чиқдик ва тарқатдик. Даҳшатли вирус билан курашда орттирилган тажрибамизни видеоконференция орқали ўнлаб давлатларга етказдик. Эҳтиёжманд мамлакатларга ижтимоий ёрдам юклари, хитойлик шифокорлардан иборат бригадалар жўнатилди.

Эпидемия билан кураш авжига чиққан ўта таҳликали вазиятда Хитойга кўрсатилган беғараз ёрдам учун дўст Ўзбекистон халқидан миннатдормиз. Хитой халқида шундай бир ибора бор: “Шафтоли берганни олхўри билан сийла”. Энди Ўзбекистонда мазкур вирус билан касалланиш ҳолатлари кузатилганда Хитой ҳам Ўзбекистонни эпидемияга қарши курашда ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди. 20 март куни икки давлат олимлари, тиббиёт ходимлари иштирокида телекўприк ташкил этилиб, мутахассислар коронавирус пневмониясига қарши профилактика ишларини олиб бориш ва курашишга оид батафсил фикрлашди. Хитой ҳукумати яқин кунларда Ўзбекистонга ташхис учун тест тизими, ҳимоя кийимлари, кўзойнаклар ва бошқа тиббий воситалардан иборат беминнат инсонпарварлик ёрдамини жўнатади. Хитой компаниялари ҳам ўзбекистонлик ҳамкасбларига инсонпарварлик ёрдами кўрсатишда давом этяпти.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқига мурожаатида таъкидлаганидек, биз барчамиз миллатимиз, тилимиз, эътиқодимиздан қатъи назар, жипсмиз ва ишончимиз комилки, бу қийинчиликларни албатта енгиб ўтамиз. Қўшимча қилиб шуни айтмоқчи эдимки, Хитой ва Ўзбекистон бой тарихий цивилизацияга эга давлатлар ҳисобланади, халқларимизнинг матонати чексиз. Қатъий аминман, биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз билан тез орада бу курашда ғолиб чиқамиз ва тақдири ягона инсонийлик жамиятини шакллантириш йўлидаги интилишнинг ёрқин намунасини бутун дунёга намойиш этамиз.

Манба: ХХРнинг мамлакатимиздаги элчихонаси расмий сайти

Киритилди: 05:45 26.03.2020. Ўқилди: 3868 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

бир кунда ҳафтада бир ойда

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!