The Wall Street Journal маълумотларига кўра, Хитой Россияда президент Владимир Путиндан кейинги даврга тайёргарлик кўрмоқда ва келажакда мамлакат сиёсатига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган куч марказлари билан алоқаларни фаол ривожлантиряпти.
Нашрнинг ёзишича, Пекин нафақат Кремл билан, балки Путин ҳокимиятдан кетганидан кейин Россиянинг сиёсий йўналишини белгилаши мумкин бўлган амалдорлар, элита ва бошқа таъсирли доиралар билан ҳам муносабатларни мустаҳкамламоқда.
Шу билан бирга, мақолада Россияда Хитой разведкаси фаолияти ва маҳаллий амалдорларни ёллашга уринишлар билан боғлиқ ҳолатлар тобора кўпроқ аниқланаётгани қайд этилган. Бироқ, нашр манбаларига кўра, расмийлар Пекин билан стратегик муносабатларга путур етказмаслик мақсадида бундай ҳолатларни оммага ошкор этмасликка ҳаракат қилмоқда.
The Wall Street Journal ушбу маълумотларни ўз манбаларига таяниб эълон қилган. Расмий Москва ва Пекин ҳозирча бу хабар юзасидан изоҳ бермаган.