Херсон вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Александр Прокудиннинг маълум қилишича, 2 май куни эрталаб соат 07:00 атрофида Россия қўшинлари шаҳарнинг Днепр туманидаги йўналишли таксига дрон билан зарба берган. Ушбу ҳужум оқибатида икки киши ҳалок бўлган, яна етти киши турли даражадаги жароҳатлар олган. Орадан бир неча соат ўтиб, шаҳарнинг Марказий туманида иккинчи йўналишли такси ҳам ҳужумга учраган ва натижада ҳайдовчи шифохонага ётқизилган. Шу куни тунда Украинанинг бошқа ҳудудлари ҳам оммавий дронлар ҳужумига учраган.
Харковда "Shahed" дрони 12 қаватли уйга келиб урилиши натижасида икки киши жароҳатланган бўлса, Николаев, Суми, Тернопол ва Днепропетровск вилоятларида ҳам портлашлар қайд этилган. Одесса вилоятининг Измаил шаҳрида дронлар порт ҳудудига ҳужум қилган, бироқ ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари туфайли жиддий талофатларнинг олди олинган. Украина Ҳарбий-ҳаво кучлари маълумотларига кўра, Россия тун давомида мамлакат бўйлаб жами 163 та дрон учирган.