Ижтимоий тармоқларда «Халқ банки Ромитан маркази шўба мудири пора олган вақтида ушланди» мазмунида тарқалаётган хабарлар юзасидан АТ “Халқ банки” Матбуот хизмати расмий муносабат билдирди.
Банк маълумотига кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган тезкор тадбирда шўба мудири бошқа тижорат банкида ишловчи танишлари орқали кредит олиб бериш эвазига пора олгани ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Қайд этилишича, ушбу тадбир вақтида мазкур шахс меҳнат таътилида бўлган ва Тошкент шаҳрида бўлган.
Халқ банки Матбуот хизмати расмий хулосалар эълон қилингунига қадар тасдиқланмаган маълумотларни тарқатмасликка чақириб, ҳолат бўйича қўшимча ахборот кейинчалик тақдим этилишини маълум қилди.
Айни хабар Давлат хавфсизлик хизматининг каналида эълон қилинган эди. Унда Халқ банки Ромитан стандарт банк хизматлари маркази шўба мудири 800 млн сўм кредит олиб бериш эвазига 2 минг АҚШ доллари талаб қилгани ва 1000 долларини олган вақтида ушлангани айтилган.