Бугун 14 сентябрь, 2026 йил, душанба

O'ZB

Хакерлар Берлиннинг дронлар ҳақидаги махфий ҳужжатларини интернетга тарқатди

Хакерлар Берлиннинг дронлар ҳақидаги махфий ҳужжатларини интернетга тарқатди


Хакерлар гуруҳи Берлин ҳукуматига тегишли 5,79 терабайт ҳажмдаги маълумотларни ўғирлаган. Бу тахминан 1,5 миллионта файлни ташкил қилади. Rhysida хакерлар гуруҳи ушбу маълумотлар учун қарийб 2 миллион евро талаб қилган, аммо тўлов муддати тугагач, архивни интернетга жойлаштирган.

BILD нашри маълумотлар орасидан дронларга оид юзлаб ҳужжатларни аниқлаган. Уларда 2025 йил август ойида Владимир Зеленскийнинг Берлинга ташрифи вақтида қайд этилган шубҳали дрон парвозлари, шунингдек, Берлин-Бранденбург аэропортига эҳтимолий ҳужумлар ҳақида маълумотлар бор.

Берлин ва Бранденбург авиация идораларининг махфий ҳужжатларидан бирида дронлар қўриқланадиган ҳудудга «исталган вақтда хавфли буюмларни етказиши мумкин»лиги ҳақида огоҳлантирилган. Шу билан бирга, интернетда дронларни портловчи моддалар билан жиҳозлаш бўйича маълумотларни топиш осон экани қайд этилган.

Муаммонинг кўламини 2025 йил ёзидаги 19 кунлик кузатув маълумотлари кўрсатади. Аэропортдан 30 километр радиусда 2093 та дрон парвози қайд этилган. Ҳукумат ва федерал полиция ҳар куни хавфли парвозларни аниқлаган ҳамда дронлар ҳаво ҳаракатига таҳдид солган бир нечта «хавфли нуқта»ни белгилаган.

Зеленскийнинг ташрифи айниқса ташвишли бўлган. 2025 йил 13 август куни ҳокимият органлари 50 та «муҳим» дрон парвозини қайд этган. Улардан 10 таси махсус белгиланган учиш тақиқланган ҳудудга кирган, тўрттаси эса аэропортга жуда яқин масофадан ўтган.

Ҳолатлардан бирида дрон Украина делегацияси бўлган самолётнинг қўниш траекториясидан атиги 400 метр узоқликда учган. Бошқа бир ҳолатда эса дрон Мюггельхайм ҳудудидан учиб, федерал канцлер идораси яқинидан ўтган ва яна орқага қайтган. Тахминан бир соат ўтгач, Зеленский вертолётда шунга ўхшаш йўналиш бўйича учиб ўтган.

Маълумотлар сизиб чиқишидаги ягона хавотирли жиҳат бу эмас. Ҳокимият органлари аэропортга дронлар орқали эҳтимолий ҳужумлар ҳақида ҳам огоҳлантирган. Зеленский ташрифи вақтида айрим муҳим рейслар учун жорий этилган хавфсизлик чоралари эса «самарасиз» деб баҳоланган.

Киритилди: 21:22 13.09.2026. Ўқилди: 488 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!