Бугун 29 март, 2024 йил, жума

O'ZB

«Вируснинг ўзи Хитойда, лекин барча ваҳимаси Ўзбекистонда бўляпти»

«Вируснинг ўзи Хитойда, лекин барча ваҳимаси Ўзбекистонда бўляпти»

Хитой марказидаги Хубей вилоятида жойлашган, 11 миллион аҳоли истиқомат қиладиган Ухань шаҳрида Хуанан ҳайвон ва денгиз маҳсулотлари бозорига алоқадор одамларнинг 2019 йилнинг декабрь ойи ўрталаридан бошлаб келиб чиқиши номаълум пневмония билан касалланиш ҳолатлари аниқланган эди. Кейинчалик хитойлик олимлар бу касаллик янги — 2019-nCoV коронавируси билан боғлиқ эканлигини аниқлади.

Фото: AP Photo

Шундан сўнг, 22 январь куни Ухань шаҳрида карантин жорий этилди, жамоат транспорти ҳаракати тўхтатилди, шаҳарга кириш ва чиқиш тўхтатилди. 24 январь куни Хуанган, Эчжоу, Чиби ва Чжисзян шаҳарларида ҳам шундай тартиблар эорий этилди. Умуман олганда, Хитой раҳбарияти 14 та шаҳарда карантин жорий этди. Бундан ташқари, ушбу коронавирус билан касалланиш ҳолатлари Таиланд, Гонконг, Австралия, Сингапур, Тайван, Япония, Франция, Малайзия, Жанубий Корея, АҚШда ҳам қайд этилган. Ҳозиргача камида 1383 киши касалланган, 41 киши вафот этган (яхши янгиликлар ҳам йўқ эмас).

Мавзуга доир: ССВ: Ўзбекистонликларнинг коронавирус бўйича эпидемик вазиятдан хавотирланишига асос йўқ

Коронавирус сабаб Хитойдаги шаҳарларнинг ёпилиши, ушбу жараёнларга нафақат фуқаролик шошилинч хизматлари, балки армиянинг ҳам жалб этила бошлангани (қўшимчаси, Хитой ҳукуматининг Уханда касалланганлар учун 10 кунда 1000 кишилик шифохона қуриш ташаббуслари), бу ҳолатларнинг ОАВ ва ижтимоий тармоқларда фаол ёритилиши, табиийки, вазиятни четдан кузатаётган инсонни ваҳимага тушириши мумкин. Хитойда истиқомат қилувчи, «Дарё» билан боғланган ўзбекистонликлар ҳам куни кеча ижтимоий тармоқларда тарқалган ташвишли, баҳс-мунозараларга сабаб бўлган аудиоларга шундай муносабат билдирмоқда.

«Дарё» мухбири Миролим Исажонов Хитойдаги айрим ўзбекистонликлар билан боғланиб, уларнинг фикрларини олди.

«Асосий қийинчилик озиқ-овқат масаласида бўлмоқда»

Асли водийлик Ғ.А. (ўз исмини очиқлашни истамади) 2019 йил кузидан бери Уханда, ҳозирда университетга ўқишга кириш мақсадида бир йиллик тайёрлов курсида ўқияпти. Айтишича, кунига бир неча бор ниқоб (маска)ни алмаштиради, барча талабаларга термометрлар ҳам берилган.

Фото: AP Photo

«Уханда тахминан 50—60 нафар атрофида ўзбек ёшлари бор. Улар билан ижтимоий тармоқлар орқали тез-тез хабарлашиб турамиз. Вирус тўғрисида ўқитувчимиз орқали тўлиқ хабардор бўлдик, интернетдаги маълумотларни ҳам ўқиб боряпмиз», — дейди у.

Ғ.А. Уханда тожикистонлик талаба билан бир хонада яшайди. «Бирор давлат элчихонаси ўз талаба ёшларини Ухандан олиб чиқиб кетганини эшитмадим ҳали. Қозоғистон, Тожикистон каби қўшни давлат йигит-қизлари ҳам биз билан бирга, шу ерда», — дейди у.

Ҳозирги шароитда асосий қийинчилик озиқ-овқат масаласида бўлмоқда, чунки карантин муносабати билан Ухандаги деярли барча супермаркетлар ёпилган, фаолият кўрсатмаяпти. «Озиқ-овқат масаласида, кўпчилик қатори, бироз қийналяпмиз. Лекин ваҳима кўтаришга ҳожат йўқ. Худо хоҳласа барчаси ўтиб кетади», — дея қўшимча қилди Ғ.А..

«Шаҳарларнинг бўшаб қолиши байрам билан боғлиқ»

Дилсора Мирзааҳмедова 10 йилдан бери Хитойда яшайди. Айтишича, Хитойдаги вазият ОАВда кўрсатилаётгандек, Telegram‘даги тарқалаётган аудиолардагидек ваҳимали эмас. Унинг фикрича, ўзбекистонлик айрим талабаларнинг ваҳима (шок)га тушиб қолишига уларнинг, эҳтимол, Хитойга энди келгани, бу мамлакат маданиятидан бехабарроқ экани сабаб бўлаётган бўлиши мумкин.

Фото: AP Photo

«Ҳар йили январь ойи охири — февраль бошида Хитойда Чунжие — баҳор байрами нишонланади. Байрам баҳона миллионлаб ишчи-ходимлар, талабалар ўз туғилган жойлари — ота уйларига, қишлоқларга кетади. Оқибатда йирик шаҳарлар сув қуйгандек жим-жит бўлиб қолади. Бу ўзига хос анъанага айланган ҳатто. Ҳозир ижтимоий тармоқларда хабарлари хавотирларга сабаб бўлаётган талабалар, назаримда, Хитойга яқинда келган бўлса керак — улар Чунжие байрами туфайли шаҳарлар сокин бўлишини энди гувоҳи бўлишмоқда, шаҳарлар вирус сабаб бўшаб қоляпти, деб тушунишяпти, шекилли», — деди у.

Дилсора Мирзааҳмедованинг таъкидлашича, Хитойда, хусусан, Уханда бир неча йиллардан бери яшаётган ўзбекистонликлар вазиятга тўғри баҳо беришга ҳаракат қилишмоқда. «Чунжие байрами хитойликлар учун саёҳат мавсуми ҳисобланади. Минглаб саёҳатчилар бошқа ҳудудларга чиқмаслиги ёки ташқаридан туристлар кириб келмаслиги, муҳими, вирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида ҳукумат Ухань шаҳрини вақтинча ёпди. Буни Хитойдаги кўплаб ўзбеклар одатий қабул қилди», — дейди у.

Фото: AP Photo

Хитой ичидаги вазият аудиоларда айтилаётганидек ваҳимали эмас «Дўконларда нарх-наволар ошгани йўқ, маскалар ҳам тақчил эмас: бемалол топиб, харид қилса бўлади. Ҳамма Чунжие байрамини нишонлашни бошлаб юборган. Барча ваҳима Ўзбекистонда, Тошкентда», — дея қўшимча қилди Дилсора Мирзааҳмедова.

«Ҳеч қайси давлат ўз талабаларини олиб чиқиб кетгани йўқ»

Ўзбекистонлик З.А. (у ҳам исмини ошкор этишни истамади) икки йилдан бери коронавирус ўчоғи ҳисобланган Ухандан бир соатлик масофада жойлашган Нанчан шаҳрида яшайди, шу ерда халқаро иқтисодиёт йўналиши бўйича таҳсил олмоқда. Айтишича, у яшайдиган жойда вирусга қарши дезинфекция қилишяпти, тана ҳароратини ўлчаш эса ҳозирча ҳар кунлик машғулотга айланган, вирусологлар доимий маслаҳат бериб турибди.

Фото: AP Photo

«Интернетда ўзбекистонликлар томонидан тарқатилаётган хабарлардан, очиғи, ҳайрон бўлдик. Ҳеч қайси давлат ўзининг талабаларини олиб чиқиб кетгани йўқ. Вирус Хитойда тарқалган бўлса-да, ваҳимаси Ўзбекистонда бўляпти. Бу орқали фақат ота-оналаримиз, яқинларимизни хавотирга солганимиз қолади холос», — деди З.А..

Таъкидлашича, у ҳам куни кеча Telegram’да тарқалган бир қизнинг йиғи аралаш йўллаган аудиосини эшитган. «Эшитишимча, у қиз Хитойга янги келган талаба экан. Менимча, у қўрққанидан ваҳимага тушиб, аудиохабар тарқатиб юборган», — дея фикр билдирди З.А.. Шу ўринда, Дилсора Мирзааҳмедованинг таъкидлашича, у ўша аудиохабарни йўллаган қизни излаб топишга ҳаракат қилган, аммо на у, на унинг Хитойдаги бошқа танишлари у қизнинг айнан қайси шаҳарда эканини ҳозирча аниқлай олган.

Шу ўринда бир мулоҳаза: Шу кунларда Ўзбекистоннинг Хитойдаги дипломатик ваколатхоналари билан боғланиш имкони бўлмаяпти, деган фикрлар бир эмас, бир неча манбалар томонидан янграмоқда. Албатта, Ташқи ишлар вазирлиги ҳам, Хитойдаги дипломатик ваколатхоналар вакиллари ҳам бу фикрга қўшилмасликлари мумкин, аммо вазият ҳақида (салкам фавқулодда кутилмаган эканини ҳисобга олиб) ҳар соатда бўлмаса-да, ҳар ярим кунда бир ахборот бериб турилса, ваҳима кўтарилишининг олди олинган, ватандошлар ҳам «биз ҳеч кимга керак эмас эканмиз» деган фикрдан йироқ бўларди.

Киритилди: 15:41 25.01.2020. Ўқилди: 4691 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

бир кунда ҳафтада бир ойда

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!