Бугун 30 апрель, 2024 йил, сешанба

O'ZB

Вазият барқарорлашиб, ҳаёт ўз маромига тушмоқда

Вазият барқарорлашиб, ҳаёт ўз маромига тушмоқда

Шу кунларда кўп миллатли халқимиз ҳам, давлатимиз ҳам ўзига хос синовдан ўтди. Қорақалпоғистонда бўлиб ўтган воқеалар ва уларнинг кейинги ривожи давлатимизнинг ҳар қандай шароитда ҳам ўз фуқароларининг тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлаш учун тайёрлигини кўрсатди.

Маълумки, айрим фуқароларнинг етарли маълумотларга эга бўлмаганидан фойдаланган баъзи гуруҳ вакиллари Конституцияга ўзгартиришлар киритиш юзасидан умумхалқ муҳокамасига қўйилган муайян таклифларни Қорақалпоғистон халқининг ҳуқуқ ва манфаатларига, гўёки, зид экани ҳақидаги ёлғон маълумотларни тарқатиш орқали оммавий тартибсизликларни келтириб чиқаришган.

Аслида, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги конституциявий қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига қўйилган бўлиб, фуқароларнинг фикр ва мулоҳазалари асосида Қонунчилик палатаси томонидан такомилига етказилиши белгиланган. Шундан кейингина бу таклифлар қонуний тусга кириши мумкин. Президентимиз янгиланаётган Конституциямизни такомилига етказиш учун қанча вақт ва муддат керак бўлса, бу жараён шунча давом этишини таъкидлаб ўтди. Бугун парламент халқ муҳокамалари 15 июлгача чўзилгани бунинг исботи.

Афсуски, айрим ғаламислар ушбу маълумотларнинг аҳолига ўз вақтида ва тўлиқ етказилмаганидан фойдаланишга ҳаракат қилишди. Қорақалпоғистондаги воқеалар пайтида 243 нафар шахсга, жумладан, 38 ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларига турли тан жароҳатлари етказилган, оғир тан жароҳатлари туфайли 18 нафар фуқаро вафот этган.

Давлатимиз раҳбарининг зудлик билан Нукус шаҳрига етиб келиши ва бевосита воқеа жойида фуқароларни тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлаш учун зарур чора-тадбирларни белгилашда шахсан иштироки вазиятни барқарорлаштириш, ҳаётни ўз маромига қайтариш имконини яратди. Энг муҳими, давлат раҳбари халқ орасига кириб борди, Нукус шаҳри аҳолиси, фаоллари билан учрашиб, уларнинг фикр-мулоҳазаларини ўрганди, реал ва танқидий ёндашув асосида тегишли қарорлар қабул қилинди.

Жумладан, фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни тиклаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида 2022 йил 3 июлидан 2 августигача қадар фавқулодда ҳолат жорий этилди. Фавқулодда ҳолат эълон қилиниши билан айрим чоралар ва вақтинчалик чекловлар ўрнатилди. Хусусан, фавқулодда ҳолат даврига жамоат тартиби, ўта муҳим ва тоифаланган объектларни ҳамда аҳолининг ҳаёт фаолиятини таъминловчи инфратузилма объектларини муҳофаза қилиш кучайтирилди.

Ўз вақтида қабул қилинган бу сиёсий-ҳуқуқий қарор ва кўрилган чора-тадбирлар мазкур ҳудудда вазиятнинг барқарорлаштириш ҳамда кундалик ҳаётни ўз маромига қайтариш имкониятини берди.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, асрлар давомида ўзбек ва қорақалпоқ халқлари ўртасида шаклланган тарихий дўстлик ва қардошлик, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибатни асраб-авайлаш, юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва барқарорлик муҳитини сақлаш – барчамизнинг бурчимиздир.

Ишонамизки, халқимиз тинчлиги ва осойишталиги, жамоат хавфсизлигини бузишга уринаётган шахсларга нисбатан қонун доирасида қатъий чоралар кўрилади. Ўзбекистонда “Қонун – устувор, жиноятга жазо муқаррар” деган қоидани амалда таъминлаш учун барча куч ва имкониятлар етарли.

С. Жўраев,

сиёсий фанлар доктори, профессор

Киритилди: 12:17 05.07.2022. Ўқилди: 3205 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!