Польша президенти Кароль Навроцкий Украина президенти Владимир Зеленскийни Оқ Бургут орденидан маҳрум қилиш жараёнини бошлаб берди.
Бунга Киевнинг Украина Қуролли Кучлари элита бўлинмаларидан бирига «УПА Қаҳрамонлари номидаги» деган ном бериш ҳақидаги қарори сабаб бўлди.
Махсус операциялар кучлари бўлинмасини қайта номлаш тўғрисидаги тегишли фармонни аввалроқ Украина президенти имзолаган эди. Кароль Навроцкийнинг айтишича, Владимир Зеленскийни Польшанинг олий давлат мукофотидан маҳрум қилиш масаласи 8 июнь куни бўлиб ўтадиган орден капитули йиғилиши кун тартибига расман киритилган.
Польша етакчиси Киевнинг бу қарорини кескин танқид қилиб, Украина томони икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг мураккаб тарихий контексти ва фожиали воқеаларни бутунлай эътиборсиз қолдирганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ҳарбий бўлинмага бундай ном берилиши Россия пропагандаси учун «энг яхши материал ва қўшимча имкониятлар» яратиб берган.
Украина Ташқи ишлар вазирлиги эса вазиятдаги кескинликни юмшатишга уриниб, мазкур қарорга изоҳ берди. Вазирликнинг расмий вакили Георгий Тихий элита ССО бўлинмасининг қайта номланиши Польша халқини ҳақорат қилиш мақсадини кўзламаганини билдирди.
Унинг таъкидлашича, замонавий украиналик ҳарбийлар учун УПА кураши, аввало, Москванинг империявий сиёсатига қарши кураш рамзи ҳисобланади ва ҳеч қачон Варшавага қарши йўналтирилмаган. Шунингдек, у ўтмишдаги баҳслар бугунги иттифоқчиликка путур етказмаслиги кераклигини, айниқса Украина Польша кўмагида ташқи тажовузга қарши курашаётган бир пайтда бу жуда муҳим эканини қайд этди.
Польшанинг олий давлат мукофоти — Оқ Бургут ордени Владимир Зеленскийга 2023 йилда Варшава ва Киев ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашдаги хизматлари учун топширилган эди. Польша қонунчилигига кўра, ушбу мукофотдан маҳрум қилиш жараёни мураккаб ҳисобланади ва тегишли тартиб-таомилларга риоя этилишини талаб қилади.