Психолог олимларнинг фикрича, шафқатсизлик билан боғлиқ бўлган видеороликларнинг интернет тармоқларида кўпайиб бориши, шубҳасиз, инсон психикасига салбий таъсир кўрсатади. Бундай видеороликларни сурункали кўриб бориш эса инсон томонидан агрессив хулқ-атворни нормадаги ва мақбул хатти-ҳаракат деб тушунишига олиб келади. Бундай кўринишдаги саҳналар инсонларнинг ҳис-туйғуларини сусайтириб боради, бу ўз навбатида инсонлар реакциясида шафқатсизликка, зўравонликка бўлган ҳис-туйғуни ҳам сусайтиради. Бунинг оқибатида шафқатсизликлар инсонларни шок ҳолатига туширмай қўяди ва аста-секин бу нарса уларга мақбул бўлиб бораверади. Яъни даҳшатли, қўрқинчли ва жирканч нарсаларга нисбатан табиий норозилик ҳисси ўлади, даҳшатдан даҳшатланмаслик одати пайдо бўлади.
Ўзбекистон психологлар ассоциацияси бошқарув раиси Ҳ.Маҳмудова ушбу ҳолатнинг яна бир кўриниши болаларда қўрқув туйғусини пайдо қилишида намоён бўлишига эътиборни қаратади. Бундай шафқатсизликни кўрган болаларда унинг фаровон ҳаётига таҳдид солувчи, бутун дунё шундай одамлардан мавжуд деган фикрни келтириб чиқаришига олиб келиши мумкин. Унинг оқибати уларда даҳшатли тушларни кўриш, ҳар хил ёмон фикрларни пайдо бўлишини ҳосил қилади, бу эса ўз навбатида бола руҳиятини қамраб олиб, узоқ вақт давом этиши мумкин. Бу эса болаларда ижтимоий мослашувни кескинлаштиради, характерда оғишларни келтириб чиқаради, эмоционал-иродавий жабҳаларига таҳлика солади.
Ахборот тўғрисидаги барча қонун ҳужжатларида зўравонлик ва шафқатсизликни тарғиб қилиш қатъий тақиқланган.
Шу ўринда бу борадаги қонун ҳужжатлари нормаларини ўқувчиларга эслатиб ўтишни вазифамиз деб билдик.
Ўзбекистон Республикаси “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Қонунининг 6-моддасига кўра оммавий ахборот воситаларидан зўравонлик ғояларини тарғиб қилиш мақсадида фойдаланилишига йўл қўйилмайди. “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги Қонуннинг 121-моддасига асосан веб-сайтнинг ва (ёки) веб-сайт саҳифасининг эгаси, шу жумладан блогер ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборот жойлаштириладиган Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ўз веб-сайтидан ва (ёки) веб-сайт саҳифасидан зўравонлик ва терроризмни тарғиб қилиш мақсадларида фойдаланилишига йўл қўймаслиги шарт. “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 15-моддасида давлатнинг ахборот борасидаги хавфсизлигини таъминлашнинг йўлларидан бири сифатида зўравонликни, шафқатсизликни тарғиб қилувчи ғояларни ўз ичига олган ахборот тарқатилишига қарши ҳаракатлар қилиш эканлиги мустаҳкамланган.
Ҳатто ўтган йили келажак авлодни, шу жумладан, зўравонлик ва шафқатсизлик таъсиридан ҳимоя қилишга қаратилган махсус “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди.
Бундан олти йил муқаддам бу борада Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга 1891 ва Жиноят кодексига1301-моддалар киритилиб, зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, олиб кириш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш учун жавобгарлик белгиланди. Бу нормаларни киритилишининг ўзига хос сабаблари, асослари бор.
Президентимизнинг 2017 йил 10 апрелдаги “Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида зўравонлик ва шафқатсизлик ғояларидан ҳимоя қилишга қаратилган тизимни ривожлантириш ички ишлар органлари тизимини ислоҳ қилишнинг энг муҳим йўналишлари бири деб белгиланган.
Албатта бу тизимни ривожлантиришни фуқаролик жамияти институтларининг фаол иштирокисиз тасаввур этиб бўлмайди. Айни пайтда жамоат ташкилотларининг бу борадаги фаолияти етарли эмас. Улар, аввало, бонг уриши, кейинги пайтларда қонунчилик билан уларга берилаётган имконият ва ваколатлардан унумли фойдаланиши зарур. Гап, биринчи навбатда, уларнинг жамоатчилик назоратини амалга ошириши, давлат органлари билан ижтимоий шериклик асосида айнан зўравонлик ва шафқатсизлик тарғиботига қарши биргаликда кураши ҳақида бормоқда. Мисол учун, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Ўзбекистон журналистлари уюшмаси, Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси сингари ташкилотлар бу борада фаолиятини кучайтириши зарур. Қолаверса, бу йўналишда сиёсий партияларнинг фаол бўлиши мақсадга мувофиқ.
Умуман зўравонлик ва шафқатсизлик кўринишлари мавжуд, кенг омма кўришига мўлжалланган барча материаллар тарқалиши устидан самарали давлат ва жамоат назорати тизими шакллантирилиши бугунги куннинг муҳим вазифаларидан бири бўлиб қолмоқда.
Х.Мелиев,
Адлия вазирлиги масъул ходими
Manba: uza.uz