Шанба тонгида маркетплейс матбуот хизмати бир суткадан ортиқ давом этган носозликдан сўнг Uzum Market сайти ва иловаси, шунингдек, сотувчининг шахсий кабинети яна ишга тушганини маълум қилди.
«Буюртмани одатий режимда расмийлаштириш мумкин. Омбор буюртмаларни йиғмоқда, бутун мамлакат бўйлаб тарқатиш пунктлари одатий режимда ишламоқда», — дейилади хабарда.
Компания тарқатиш пунктларида (ПВЗ) буюртмаларни сақлаш муддатлари узайтирилганини маълум қилди ва компенсациялар эълон қилди. Носозлик туфайли буюртмаларини ололмаган харидорлар бир ҳафта ичида кейинги харид учун промокодлар олиши керак. Сотувчилар учун логистика ва сақлаш хизматлари октябрь ойи охиригача бепул бўлади. Франшиза асосидаги тарқатиш пунктлари эгалари эса олинмай қолган фойдаси учун товон пули олади.
«Ҳозирча айрим функциялар ишида хатоликлар пайдо бўлиши мумкин, ишлаб чиқувчилар жамоаси барча юзага келиши мумкин бўлган носозликларни бартараф этиш учун янгиланган инфратузилмани синовдан ўтказишда давом этмоқда», — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг энг йирик маркетплейсига кириш 8 октябрь эрталабдан чекланган эди. Uzum Market бу носозлик «юқори мавсум олдидан янги инфратузилмани синовдан ўтказиш вақтида» юз берганини маълум қилганди.
Бу Россиянинг Рязань вилоятидаги «Яндекс» компанияси дата марказига Украина дронлари ҳужуми билан бир вақтга тўғри келди. Ҳодиса Yandex Cloud ресурсларидан фойдаланувчи турли хизматларнинг ишламай қолишига олиб келди. Uzum Market «Яндекс» инфратузилмасидан фойдаланишини расман тасдиқламаган.