Fitch халқаро рейтинг агентлиги Ўзбекистон суверен кредит рейтинги прогнозини “Барқарор”дан “Ижобий”га оширди. 2025 йилда мамлакат рейтинги BB- дан BB даражасига кўтарилган эди. Бугунги қарор ўтган йилги тарихий муваффақиятнинг мантиқий давомидир.
Агентлик таҳлилчилари мураккаб глобал шароитга қарамай, Ўзбекистонда энергетика соҳасидаги ислоҳотлар, бюджет интизоми ва хусусийлаштириш жараёнлари қатъий давом эттирилаётганини юқори баҳолаган.
Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёеванинг таъкидлашича, “Ижобий” прогноз яқин келажакда Ўзбекистон рейтинги янада юқорилашини англатади. Бу мамлакатга кўпроқ хорижий сармоя жалб этиш, халқаро молия бозорларидан арзонроқ ресурслар олиш ва иқтисодиёт барқарорлигини таъминлаш учун халқаро ҳамкорларга кучли сигналдир.
“Президентимиз бошчилигида олиб борилаётган ушбу тизимли ислоҳотларнинг ягона мақсади — ҳар бир юртдошимизнинг ҳаётини яхшилаш, фаровонлигини таъминлашдир. Бу йўлда жамоамиз билан бирга фақат олға қадам ташлаймиз”, - деб ёзди Саида Мирзиёева.
Дунёда геосиёсий ва иқтисодий тебранишлар кузатилаётган бир даврда Ўзбекистоннинг бундай натижага эришиши танланган тараққиёт йўли ва ислоҳотлар стратегияси нечоғлик тўғри эканининг яққол исботидир. Энг муҳими, иқтисодий барқарорлик ва молиявий мустаҳкамлик ижтимоий соҳаларга, таълим, тиббиёт ва ҳар бир оиланинг кундалик ҳаётига ижобий таъсир кўрсатадиган пойдевор ҳисобланади.