Бугун 6 май, 2024 йил, душанба

O'ZB

Ўзбекистонлик мактаб директорлари Англиянинг Портсмут университетида малака оширади

Ўзбекистонлик мактаб директорлари Англиянинг Портсмут университетида малака оширади

Мактаб директорлари ва ўқитувчиларнинг билими ва малакасини ошириб бориш учун зарур имкониятлар яратилмоқда. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан мактаб директорларининг касбий ривожланишини таъминлаш мақсадида “Мактаб директорлари фаолиятини ривожлантириш дастури” амалга оширилмоқда.

Дастур доирасида мактаблар раҳбар кадрлари учун танлов ташкил этилди. Учта шартни ўз ичига олган танловда, энг аввало, номзодлардан инглиз тилини билиш даражасини тасдиқловчи ҳужжат талаб этилди. Кейинги шартда номзодлар ўзи раҳбарлик қилаётган мактабдаги камчиликларни аниқ келтириб, уларни таҳлил этишда тўғри ечим кўрсатган ҳолда ўз фикрларини ёзма равишда баён этди.

Танловнинг учинчи шарти суҳбат тарзида ташкил этилиб, мактаб директорлари ўзи фаолият олиб бораётган таълим муассасасини бошқариш ва мактаб жамоаси ўртасида ижобий муҳитни яратиш борасида фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Саралаш босқичлари якунида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги мутасаддилари ҳамда Буюк Британиянинг Портсмут университети таълим тиллар ва лингвистика бўлими бошлиғи, профессор Стивен Корбетт иштирок этди.

Танлов шартлари 50 балл миқдоридаги баҳолаш мезонлари асосида баҳоланди. Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги 5 - умумтаълим мактабида ташкил этилган танлов якунида 25 нафар иштирокчи ғолиб, деб топилди. Улар Англиянинг Портсмут университетида малака ошириш имкониятини қўлга киритди.

Ғолиблар орасида Фарғона Президент мактаби директори Обидхон Мўминов ҳам бор.

— Мазкур танлов илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш ва уни мамлакатимизда татбиқ этиш имкониятини беради, - дейди О. Мўминов. — Бугуннинг энг долзарб масалаларидан бири таълим менежментини ривожлантиришдир. 2019 йилда бошланган бу лойиҳа шу жиҳатдан аҳамиятли. Раҳбар нафақат билимли ва тажрибали, балки вақтни тўғри режалаштириши ва ундан унумли фойдаланиши керак. Қолаверса, раҳбарни, энг аввало, жамоа қўллаб-қувватлаши зарур. Мана шу каби қўллаб-қувватлов натижасида бугун ғолиблар сафидан жой олдик.

Киритилди: 15:11 19.09.2023. Ўқилди: 1687 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!