Ўзбекистонда яйлов ерларининг унумдорлигини ошириш ва сув танқислигини бартараф этишга қаратилган янги чора-тадбирлар белгиланди. Келгуси икки йил давомида миллионлаб гектар майдонни қайта тиклаш, юзлаб суғориш иншоотлари қуриш ҳамда мавжуд қудуқларни таъмирлаш кўзда тутилмоқда.
Бу борадаги режалар Президент Шавкат Мирзиёев танишган тақдимотда муҳокама қилинди.
Яйловларнинг катта қисми имкониятидан тўлиқ фойдаланилмаяпти
Расмий маълумотларга қараганда, республикадаги яйловларнинг умумий майдони 21 миллион 255 минг гектарни ташкил этади. Бироқ ушбу ерларнинг фақат 40 фоизи самарали фойдаланишга жалб қилинган.
Мавжуд вазиятни ўзгартириш учун ҳудудлар раҳбарларига аниқ вазифалар юклатилди. Хусусан, 2026 йил охирига қадар 620 минг гектар, 2027 йил давомида эса 3,7 миллион гектар яйловнинг унумдорлигини тиклаш режалаштирилган.
Шунингдек, маҳаллий ҳокимликлар Чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш агентлиги билан ҳамкорликда бир ой ичида махсус дастурлар ишлаб чиқиб, тасдиқлаши керак. Ушбу дастурлар асосида деградацияга учраган майдонларни жорий йилда 10 фоизга, келаси йилда эса 20 фоизга камайтириш мақсад қилинган.
Сув таъминоти учун янги молиялаштириш тартиби
Яйловларни сув билан таъминлашда маҳаллий хўжаликларнинг молиявий имкониятлари кенгайтирилади. Эндиликда яйлов ерларини ижарага беришдан олинадиган тўловлар ҳудудий яйлов хўжаликларининг ўзида қолдирилади.
Мазкур маблағлар эвазига яна 448 та қудуқ қазиш белгиланган. Бунинг натижасида 2027 йилда 1,5 миллион гектар яйловнинг сув билан таъминланиш даражасини яхшилаш кўзда тутилмоқда.
Бундан ташқари, 2026 йил якунигача мавжуд 1 минг 600 та қудуқни таъмирлаш вазифаси қўйилган.
323 та янги суғориш иншооти барпо этилади
Яйловларни қайта тиклаш ишлари давлат бюджети ҳисобидан ҳам молиялаштирилади. Бу мақсадлар учун 100 миллиард сўм ажратилган.
Режага мувофиқ, 2026 йилда 161 та, 2027 ва 2028 йилларнинг ҳар бирида 81 тадан янги суғориш иншооти қурилади.
Шу тариқа, уч йил давомида жами 323 та иншоот фойдаланишга топширилиши белгиланган. Уларнинг ишга туширилиши ҳисобига 969 минг гектар яйлов майдонини қайта тиклаш имконияти яратилиши кутилмоқда.