Бугун 30 апрель, 2024 йил, сешанба

O'ZB

Ўзбекистонда пандемия даврида оилалардаги зўравонлик ҳолатлари ортди

Ўзбекистонда пандемия даврида оилалардаги зўравонлик ҳолатлари ортди

 

COVID-19 пандемияси аёлларнинг саломатлиги, хавфсизлиги ва иқтисодий фаровонлиги учун қўшимча муаммоларни келтириб чиқарди. «Gazeta.uz»нинг ёзишича, бу ҳақда Жаҳон банки экспертлари — Уильям Зейц (Марказий Осиёдаги камбағаллик ва тенглик масалалари бўйича дастурлар раҳбари) ва Одри Сакс (ижтимоий ривожланиш масалалари бўйича катта мутахассис) мақолаларида қайд этилган.

Хусусан, 2020 йилда Ўзбекистонда оиладаги зўравонлик ҳолатлари кўпайган. Пандемия туфайли юзага келган иқтисодий қийинчиликлар билан бир қаторда, аёллар ва қизларга нисбатан жисмоний, психологик, иқтисодий ва жинсий зўравонлик ҳолатлари ҳам ортган.

Таъкидланишича, мамлакатдаги ушбу турдаги ҳуқуқбузарликлар бўйича расмий статистик маълумотлар ҳали ҳам мавжуд эмас. Бироқ Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 2020 йилнинг январь—декабрь ойлари давомида гендерга асосланган зўравонлик қурбонларининг хавфсизлиги ва манфаатларини таъминлаш учун 14 800 га яқин ҳимоя ордери берилган. Аёллар одатда ўз оилаларида зўравонликка кўпроқ учрайди. 2020 йилда 13 230 та ҳолатнинг 82 фоизида зўравонлик уларнинг турмуш ўртоқлари томонидан содир этилган.

Иқтисодий ва оилавий муаммолар аёллар саломатлигининг ёмонлашишига олиб келган. 2020 йилнинг июль ойидан декабргача аёлларнинг 47 фоизи ўзларининг руҳий саломатлигини («яхши», «жуда яхши» ёки «аъло»дан фарқли ўлароқ) «қониқарли» ёки «ёмон» деб баҳолаган. Бундай жавобларнинг энг кўпи август ойига тўғри келган. Ўшанда аёлларнинг 55 фоизи ўзларининг руҳий ҳолатини «қониқарли» ёки «ёмон» деб таърифлаш мумкинлигини айтган.

Бу «Тараққиёт стратегияси» маркази ва Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан Жаҳон банки кўмагида амалга оширилаётган «Ўзбекистон фуқароларини тинглаш» («ЎФТ») лойиҳаси доирасида ҳар ойда ўтказиладиган сўровнома натижаларидан маълум бўлган.

Ушбу сўровномалар барча ҳудудлардаги жами 4000 уй хўжалигидан бўлган респондентларнинг фикрлари ва фаровонлигини таҳлил қилиш учун 2018 йилдан бери ўтказилиб келинган. 2020 йилнинг март ойида мамлакат миқёсидаги биринчи карантин чоралари киритилганидан кейин сўровнома пандемиянинг фуқаролар ва маҳаллалар саломатлиги ҳамда ижтимоий-иқтисодий ҳолатига таъсирини мониторинг қилиш учун ҳам ишлатила бошланган.

Киритилди: 09:17 09.03.2021. Ўқилди: 1939 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!