Вазирлик маълумотларига кўра, 2026 йилнинг дастлабки саккиз ойида 515 мингта оила учун индивидуал режалар ишлаб чиқилган. Ушбу режалар доирасида 161 минг нафар фуқаро иш билан таъминланган, яна 304 минг нафар аҳоли тадбиркорлик фаолиятига жалб қилинган.
Шунингдек, маҳаллаларда қарийб 55 мингта микролойиҳа ишга туширилган. Уларнинг амалга оширилиши натижасида 164 минг нафар аҳолининг даромади ошгани қайд этилган.
Кўрилган чоралар натижасида 49 та туман ва 3429 та маҳалла «камбағалликдан холи» ҳудудга айлангани маълум қилинди.
Бандлик ва аҳоли даромадларини ошириш бўйича ишларни такомиллаштириш мақсадида «аввал ташхис — кейин ечим» тамойилига асосланган янги диагностика тизимини жорий этиш режалаштирилган.
Янги тизим доирасида фуқаролар хонадонма-хонадон ўрганилади ва улар ҳақидаги маълумотлар «Онлайн маҳалла» тизимига киритилади. Ишсизлик ҳамда камбағалликнинг келиб чиқиш сабаблари аниқлангач, ҳар бир фуқаро учун индивидуал режа ишлаб чиқилади. Шунингдек, тегишли маълумотларни ўз ичига олган «Омбор китоби» шакллантирилади.
Сунъий интеллект ёрдамида фуқаролар тегишли тоифаларга ажратилиб, уларга бириктирилган масъуллар — «маҳалла еттилиги» томонидан иш олиб борилади. Тузилган режалар тасдиқланади ва ҳар чоракда қайта кўриб чиқилиб, янгиланади.
Вазирлик, шунингдек, айни пайтда ҳокимлар раҳбарлигида «фавқулодда штаблар» фаолияти йўлга қўйилганини маълум қилди.
Белгиланган вазифаларга кўра, 2026 йил якунига қадар яна 230 мингта оилани камбағалликдан чиқариш кўзда тутилган. Бундан ташқари, 1 миллион нафар аҳолининг даромадини ошириш вазифаси белгиланган.