Бугун 12 октябрь, 2026 йил, душанба

O'ZB

Ўзбекистонда “Инсон фахри” миллий мукофоти таъсис этилди

Ўзбекистонда “Инсон фахри” миллий мукофоти таъсис этилди

Ўзбекистонда “Инсон фахри” миллий мукофоти таъсис этилди. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 7 октябрдаги қарорида белгиланди.

Ҳужжатга кўра, мукофот президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг таклифи асосида таъсис этилган. У жамият ҳаётининг турли соҳаларида, биринчи навбатда, ижтимоий ҳимоя йўналишида жасорат, мардлик ва фидойилик кўрсатган шахсларни рағбатлантиришга қаратилган.

Шунингдек, инсон қадрини улуғлашга хизмат қилган, оғир ҳаётий вазиятдаги инсонларга ёрдам берган ҳамда мамлакат тараққиёти ва жамият фаровонлигига муносиб ҳисса қўшган шахслар ҳам мукофот билан тақдирланиши мумкин. Қарорга мувофиқ, мукофот учун жами 50 нафар номзоднинг ҳужжатлари қабул қилинади. Номзодларни саралаш ва ғолибларни аниқлаш уч босқичда амалга оширилади.

Дастлаб мукофотнинг расмий веб-сайти ёки ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали номзодлар ҳақидаги ҳужжатлар қабул қилинади. Номзодлар мустақил равишда ариза топшириши ёки вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда жамоатчилик вакиллари тавсияси асосида танловда қатнашиши мумкин.

Аризалар ҳар йили 15 мартдан 1 июнгача қабул қилинади. Уларга номзоднинг илмий ва ижодий ишлари, амалга оширган лойиҳалари, эришган ютуқлари ҳамда фаолиятини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади. Иккинчи босқичда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан давлат ижтимоий буюртмаси асосида жалб этилган нодавлат нотижорат ташкилоти ҳузуридаги ишчи гуруҳ номзодларни ўрганади.

Ишчи гуруҳ ҳар йили 1 сентябрга қадар номзодларнинг фаолияти ва эришган натижаларини таҳлил қилиб, энг муносиб 50 нафар номзод рўйхатини шакллантиради. Рўйхат ҳар бир номзод бўйича алоҳида хулоса билан мукофот кенгашига тақдим этилади.

Учинчи босқичда кенгаш сараланган номзодлар орасидан мукофот ғолибларини танлайди. Якуний қарор ҳар йили 1 октябрга қадар қабул қилинади. Кенгаш таркибига фуқаролик жамияти институтлари, жамоатчилик вакиллари, давлат, маданият, санъат ва спорт арбоблари, фаол ёшлар ҳамда волонтёрлар киритилиши мумкин.

Мукофот ғолиблари ҳар йили 1 декабрга қадар тантанали равишда тақдирланади. Уларнинг ҳар бирига статуэтка, диплом ва базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баравари (8 миллион 800 минг сўм) миқдорида бир марталик пул мукофоти топширилади. Бир шахс ушбу мукофот билан фақат бир марта тақдирланиши мумкин.

Мукофот ғолибларини аниқлаш ва тақдирлаш билан боғлиқ тадбирларни ташкил этиш Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги зиммасига юклатилган. Харажатлар Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.

Киритилди: 23:54 11.10.2026. Ўқилди: 213 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!