Бугун 30 апрель, 2024 йил, сешанба

O'ZB

Ўзбекистонда гендер тенгсизлик пандемия давридаги ишсизлик пайтида ҳам намоён бўлди

Ўзбекистонда гендер тенгсизлик пандемия давридаги ишсизлик пайтида ҳам намоён бўлди

 

«Ўзбекистон фуқароларини тинглаш» («ЎФТ») лойиҳаси доирасида ўтказилган тадқиқотлар Ўзбекистонда эркаклар ва аёллар ўртасидаги тенгсизлик хотин-қизларни COVID-19 пандемияси каби иқтисодий ларза олдида кўпроқ ҳимоясиз қилиб қўйишини кўрсатди, деб ёзмоқда «Gazeta.uz».

 

Қайд этилишича, меҳнат фаолиятидан олинадиган даромаднинг, чет элдан пул ўтказмалари ва бошқа манбалардан келадиган даромаднинг йўқотилиши, уй хўжалигини юритиш юкининг ортиши ва оиладаги зўравонлик ҳолатларининг ортиши — буларнинг барчаси мамлакат шаҳар ва қишлоқларидаги кам таъминланган оилалар аёлларининг яшаш шароитлари ва саломатлигига путур етказди.

Ўзбекистонда гендер тенгсизлик муаммоси, айниқса, бандлик соҳасида сезилади. Аёлларнинг ҳақ тўланиладиган ишларда бандлиги эркакларга қараганда шундоқ ҳам кам.

«Ўзбекистон фуқароларини тинглаш» сўровномаларига кўра, ўртача ҳисобда 2018 йил октябридан 2020 йил декабригача аёлларнинг атиги 19 фоизи бир ҳафта давомида фаол ишлаган. Таққослаш учун, эркакларда бу кўрсаткич 44 фоизга етган. Тўлиқ иш кунида ишлайдиган аёллар улуши шаҳарларда 34 фоизни, қишлоқларда эса 28 фоизни ташкил этган.

Эркаклар орасида ўртача ҳисобда таълим даражасининг юқорилаб бориши билан уларнинг меҳнат бозоридаги иштирокида ҳам барқарор ўсиш кузатилади. Бироқ аёллар ишлари иқтисодий фойда келтиришни бошлаши учун улар аввал олий маълумотга эга бўлиши керак. Масалан, ўрта мактабни битириш эркакларнинг ишга кириш эҳтимолини 15 фоизга оширади, аммо аёлларда эса иш билан таъминланиш истиқболларига ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди.

Оилавий шароит ва бола парвариши бўйича мажбуриятлар ҳам аёлларнинг ишга киришига таъсир қилади. Турмуш қурган аёлларнинг иш топиш эҳтимоли турмуш қурмаган аёлларга қараганда анча паст. Иш билан бандлик даражаси мос равишда 36 ва 52 фоизни ташкил қилади.

«ЎФТ»нинг 2020 йил ўтказилган босқичларидан бирида нега иш изламаётганликлари ҳақидаги саволга аёлларнинг 43 фоизи «уй хўжалигини юритиши»ни сабаб қилиб кўрсатган. Эркакларнинг эса 7 фоизи бу саволга шундай жавоб берган.

COVID-19 пандемияси аёллар бандлиги юқори бўлган тармоқларга салбий таъсир кўрсатди. Улар асосан инқироздан сезиларли зарар кўрган иқтисодиётнинг норасмий секторида, мавсумий ва қисман бандлик талаб этиладиган ишларда меҳнат қилади.

Аёллар озиқ-овқат ва меҳмонхона индустриясида (52 фоиз), чакана савдо (51 фоиз), шунингдек, санъат, кўнгилочар ва дам олиш (45 фоиз) соҳаларида кўпроқ банд. Пандемия бошланганидан буён ушбу соҳаларда иш жойларининг қисқариши даражаси юқори бўлгани кузатилган.

Ўзбекистонда вакансиялар бўйича энг катта онлайн-ресурс бўлган «Olx.uz» маълумотлари таҳлили апрель ойида бўш иш ўринлари бўйича янги эълонлар камайганидан сўнг уларнинг сони 2020 йил охирига келиб ҳам аввалги даражага қайтмаганини кўрсатган.

Апрелдан декабргача бўлган даврда бўш иш ўринлари ҳажми 2019 йилга нисбатан кўпроқ камайган секторлар туризм (-51 фоиз), гўзаллик, фитнес ва спорт (-43 фоиз), котибият ва маъмурий-хўжалик фаолияти (-36 фоиз), маданият ва санъат (-30 фоиз), шунингдек, барлар ва ресторанлардаги ишлар (-17 фоиз) бўлган. Ушбу соҳалар анъанавий равишда аёллар учун иш ўринлари яратади.

Аввалроқ БМТ-Аёллар ва БМТ Тараққиёт дастурининг (БМТТД) ҳисоботида COVID-19 пандемияси аёлларнинг қашшоқлик даражаси ҳамда қашшоқликда яшовчи аёллар ва эркаклар ўртасидаги фарқни кескин ошириши қайд этилганди.

 

Киритилди: 09:24 09.03.2021. Ўқилди: 1540 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!