Ўзбекистонда бир марталик пластик маҳсулотлар муомаласини чеклаш кўзда тутилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди .
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 17 декабрдаги мажлисида экологик тоза ҳудудларнинг мақомини белгилаш, пластик маҳсулотларнинг муомаласини тартибга солишга қаратилган қонун лойиҳаси муҳокама қилинганди. Ушбу қонун лойиҳаси экологик тизимларни, табиат объектларини асраш, сақлаб қолиш ва ҳимоясини кучайтириш, табиий объект ва мажмуалар деградациясининг олдини олишга қаратилган.
Қонун лойиҳасида тоза ҳудуд режими амал қиладиган ҳудудларда экологик тизимлар барқарорлигининг бузилиши ва табиий ландшафтлар кўринишининг ўзгартирилишига олиб келадиган ишларни амалга оширишни тақиқлаш кўзда тутилмоқда. Шунингдек, табиий органик полимер маҳсулотлардан ташқари бир марталик пластик маҳсулотларни муомалада бўлишини чеклаш белгиланмоқда. Бундан ташқари, полиэтилен полимер плёнкали пакетларнинг атроф-муҳитга таъсирини камайтиришга қаратилган нормалар белгиланмоқда.
Экология қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистонда йилига 10,2 миллион тонна қаттиқ маиший чиқиндилар ҳосил бўлиб, унинг 10,3 фоизини (1,05 миллион тонна) пластик чиқиндилар ташкил этади ва республиканинг деярли ҳар бир ҳудудида пластмасса буюмлари, жумладан, идиш-товоқ ва қоп ишлаб чиқарувчи корхоналар мавжуд. Мамлакат аҳолиси орасида пластик маҳсулотлар, жумладан, полиэтилен пакетлардан кенг фойдаланилмоқда.