Бугун 1 февраль, 2026 йил, якшанба

O'ZB

Ўзбекистонда аутодонорлик тартиби расман жорий этилди

Ўзбекистонда аутодонорлик тартиби расман жорий этилди

Соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғи билан донор қони ва унинг таркибий қисмларини кейинчалик зарурат туғилганда донорнинг ўзига қуйишни назарда тутувчи аутодонорлик тартиби тасдиқланди.

Аутодонорлик — бу инсон ўз қонини олдиндан топшириб, кейинчалик тиббий зарурат юзага келганда шу қонни ўзига қайта қуйиш амалиёти ҳисобланади. У асосан донорга бошқа шахс қонини қуйиш имкони бўлмаган, қон гуруҳи кам учрайдиган ёки донор ёки унинг қонуний вакили аллоген қон қуйилишини рад этган ҳолларда қўлланилади.

Мазкур буйруқ Адлия вазирлиги томонидан 2026 йил 28 январь куни давлат рўйхатидан ўтказилди (рўйхат рақами — 3763) ва расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кирди.

Тасдиқланган низомга кўра, аутодонорлик 18 ёшга тўлган шахслар томонидан давлат соғлиқни сақлаш тизимидаги тиббиёт муассасаларида, донор ёки унинг қонуний вакилининг ёзма розилиги асосида, бепул амалга оширилади. Аутодонорлик жарроҳлик амалиётидан олдин, унга тайёргарлик жараёнида ёки амалиёт давомида амалга оширилиши мумкин.

Низомда қон олишдан олдин ўтказиладиган лаборатория текширувлари, қарши кўрсатмалар ҳамда қон ва унинг таркибий қисмларини сақлаш муддатлари аниқ белгилаб берилган. Хусусан, бир марталик қон олиш ҳажми 500 миллилитрдан ошмаслиги лозим.

Шунингдек, аутодонорлик доирасида олинган қон ва унинг таркибий қисмларини бошқа шахсларга қуйиш қатъиян тақиқланади. Белгиланган муддатда фойдаланилмаган қон санитария қоидаларига мувофиқ утилизация қилинади.

Қайд этилишича, низом талабларини бузган шахслар қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка тортилади.

Киритилди: Бугун 21:51. Ўқилди: 152 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!