Бугун 16 июнь, 2026 йил, сешанба

O'ZB

Ўзбекистон вакили кетма-кет иккинчи бор СООМEТ Президенти этиб сайланди

Ўзбекистон вакили кетма-кет иккинчи бор СООМEТ Президенти этиб сайланди

Тожикистоннинг Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган СООМEТ Қўмитасининг 38-йиғилиши доирасида ўтказилган овоз бериш натижаларига кўра, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Лазизбек Саидорипов кетма-кет иккинчи муддатга СООМEТ Президенти этиб сайланди.

Мазкур қарор Ўзбекистоннинг халқаро метрология соҳасидаги нуфузи ортиб бораётганини ҳамда мамлакат томонидан СООМEТ доирасида амалга оширилаётган ташаббуслар ва ҳамкорлик халқаро ҳамжамият томонидан юқори баҳоланаётганини яна бир бор тасдиқлади.

1991 йилда ташкил топган ушбу Евроосиё минтақаси давлат метрология муассасалари ҳамкорлиги (СООМEТ) ташкилот президентлигига Полша, Россия, Словакия, Украина, Белорусия, Қозоғистоннинг вакиллари сайланган. 2024 йилда илк бор Ўзбекистон вакили ташкилот раҳбарлигига сайланган бўлса, 2026 йилги сайлов натижасига кўра у ушбу лавозимни яна сақлаб қолди.

Йиғилиш доирасида яна бир муҳим натижа қайд этилди. Илк бор Ўзбекистон вакиллари СООМEТ таркибий органларига раҳбар этиб сайландилар. Хусусан, Азамат Таубалдиев ТQ 1.9 “Ионлаштирувчи нурланишлар ва радиоактивлик” техник қўмитаси раиси, Алишер Ботиров эса IG 1.6.6 “Сарф ўлчаш” ишчи гуруҳи раиси этиб сайланди.

Ушбу натижалар Ўзбекистон мутахассисларининг юқори касбий салоҳияти ва халқаро метрология ҳамжамиятидаги нуфузи ортиб бораётганини кўрсатади.

СООМEТ доирасидаги фаол иштирок ва раҳбарлик лавозимларига сайланиш Ўзбекистоннинг халқаро метрология майдонидаги мавқеини янада мустаҳкамлаш, илғор тажрибаларни жорий этиш ҳамда соҳадаги халқаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.

Маълумот учун, СООМEТ Қўмитасининг навбатдаги йиғилиши 2027 йилда Қозоғистонда ўтказилади.

Киритилди: Бугун 16:32. Ўқилди: 173 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!