Бугун 20 сентябрь, 2024 йил, жума

O'ZB

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқий тизимининг таркибий қисми сифатида

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари  Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқий тизимининг  таркибий қисми сифатида

Бугунги кунда Конституция давлатнинг сиёсий ва ижтимоий барқарорлигини таъминлашнинг асосий омилларидан бири бўлиб қолмоқда. Замонавий глобаллашув шароитида бутун дунё мамлакатлари жадал тарзда конституциявий ривожланишнинг моделини изламоқда.

Сўнгги 30 йил ичида дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатида конституциявий ислоҳотлар ўтказилган ва 57 давлатда янги конституция қабул қилинган. Конституцияга энг кўп ўзгартириш ва қўшимчалар киритган давлатлар қаторига Мексика, Янги Зеландия, Бразилия, Швейцария, Австрия, Исроил, Чили, Колумбия, Грузия ва Ҳиндистон киради. Бунда конституциявий ислоҳотларнинг аксарияти давлат ва жамиятни модернизация қилиш, сиёсий, ижтимоий-иқтисодий инқирозларга йўл қўймаслик мақсадида амалга оширилган.

Ҳозирги таҳликали замон, ён-атрофимиздаги мураккаб вазият она Ватанимиз тақдирига янада улкан масъулият билан ёндашиб, кечиктириб бўлмайдиган стратегик қарорлар қабул қилишни тақозо этмоқда. Инсон қадрини юксалтириш ҳақиқатда давлат ҳокимияти органларининг конституциявий бурчи ва устувор вазифаси эканлигини мустаҳкамлаш мақсадида 2022 йил 20 май куни Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифларни шакллантириш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия тузилиб, унинг таркиби ва вазифалари белгиланди.

Мазкур комиссия томонидан кенг жамоатчиликнинг таклифлари, фикр-мулоҳазалари асосида шакллантирилган якуний таклифлардан келиб чиқиб, «Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Конституциянинг моддалари амалдаги 128 тадан 155 тага кўпайиб, нормалари 275 тадан 434 тага ошди, яъни, Асосий Қонуннинг 65 фоиз матни республика халқи томонидан берилган таклифлар асосида янгиланди.

Лойиҳада фуқаролар томонидан инсон ҳуқуқларини таъминлаш, фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш, фан ва таълим соҳаларини ривожлантириш, шахсий мулк дахслсизлигини янада мустаҳкамлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, давлат ҳокимияти органларининг ваколатларини аниқлаштириш билан боғлиқ масалалар билан бир қаторда, халқаро муносабатларга оид нормалар ҳам жой олди.

Конституциявий қонун лойиҳасини тайёрлаш жараёнида БМТ, ЕХҲТ, ШҲТ, ЕИ, Туркий давлатлар ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотлар томонидан қабул қилинган 400 дан ортиқ халқаро ҳужжатлар, 190 га яқин мамлакатлар конституциялари пухта таҳлил этилди.

Биргина халқаро ҳуқуқ нормаларининг устуворлиги тамойилини конституциявий норма сифатида белгилаш учун кўплаб халқаро ҳужжатлар ҳамда илғор хорижий мамлакатлар тажрибаси ўрганилди.

Жумладан, халқаро шартномаларнинг миллий қонунчиликдан устуворлиги принципи БМТ Бош Ассамблеясининг 2001 йил 12 декабрдаги 56/83-сонли резолюцияси билан тасдиқланган халқаро ҳуқуқбузарликлар учун давлатларнинг жавобгарлигининг 32-моддасида, шунингдек, 1969 йил 23 майдаги “Халқаро шартномалар ҳуқуқи тўғрисида”ги Вена конвенциясининг 27-моддасида тарафлар ўз ички қонунчилиги қоидаларини шартномани бажармаслик учун асос сифатида келтира олмаслиги қоидаси мустаҳкамланган.

Бундан ташқари, Германия, Фрация, Испания, Филиппин, Хорватия, Чехия, Словения, Россия, Қозоғистон ва бошқа бир қатор давлатлар конституциявий амалиётида ҳам халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормалари миллий ҳуқуқий тизимининг таркибий қисми эканлиги, халқаро шартномаларнинг қонунлардан устунлиги мустаҳкамлаб қўйилган.

Хусусан, Германия Конституциясининг 25-моддасида “Халқаро ҳуқуқнинг умумий қоидалари федерал ҳуқуқнинг бир қисмидир. Улар қонунлардан устун туради ва тўғридан тўғри федерал ҳудуд аҳолиси учун ҳуқуқ ва мажбуриятларни яратади”, деб белгилаб қўйилган. Франция Конституциясининг 55-моддасида ҳам белгиланган тартибда ратификация қилинган ёки тасдиқланган халқаро шартномалар ёки битимларнинг миллий қонунлардан устун туришини назарда тутувчи норма мустаҳкамланган.

Илғор хорижий тажриба ҳамда давлатчилигимиз ривожланишининг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, янгиланаётган Конституциянинг 15-моддасида ҳам Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормалари билан бир қаторда Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқий тизимининг таркибий қисми эканлиги, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг қонунида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаси қоидалари қўлланилиши назарда тутилмоқда. Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистонда халқаро шартномаларининг устуворлиги конституция даражасида белгиланмоқда.

Маълумки, халқаро шартномаларининг устуворлиги принципининг бевосита Конституция даражасида белгилаб қўйилиши Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятларига содиқлиги, халқаро ҳамжамият кўз ўнгида ишончли ҳамкор сифатида намоён бўлиши, пировардида мамлакатнинг халқаро нуфузини оширишда муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади.

Бугунги кунда Ўзбекистоннинг халқаро ҳуқуқнинг тўла ҳуқуқли субъекти сифатида 130 дан ошиқ нуфузли халқаро ташкилотларнинг аъзоси эканлиги, 142 давлат билан дипломатик алоқалар ўрнатганлиги, 4,5 мингдан ортиқ халқаро шартномаларга, инсон ҳуқуқларига оид 80 дан ортиқ халқаро ҳужжатларга қўшилганлиги мазкур норманинг янада долзарблигини тасдиқлайди.

Давлатимизда соҳага оид муносабатлар “Халқаро шартномалар ҳуқуқи тўғрисида”ги, “Консуллик муносабатлари тўғрисида”ги Вена конвенциялари, “БМТ Низомига мувофиқ давлатлар ўртасидаги муносабатлар ва ҳамкорлик борасидаги халқаро ҳуқуқ принциплари тўғрисида”ги декларация ҳамда миллий даражада қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолият концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида”ги ва бошқа қатор қонунчилик ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Юқорида назарда тутилган норманинг Конституцияда белгиланиши, ўз навбатида, халқаро шартномаларга амал қилишнинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлаш, давлатлар орасидаги дипломатик алоқаларни янада кенгайтириш, жаҳоннинг етакчи давлатлари ва халқаро ташкилотлар билан стратегик ҳамкорлик қилишнинг мутаносиб, кўп қиррали тизимини шакллантириш имконини ҳам беради.

Таъкидлаш лозимки, Конституцияга Ўзбекистон Республикасининг миллий ҳуқуқий тизимига халқаро ҳуқуқ бутунлай эмас, балки унинг умумэътироф этилган принциплари ва нормалари кириши эътироф этилмоқда.

Халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари – ҳозирги замон халқаро ҳуқуқи бош мазмунини ифодаловчи ва унинг мақсадларини амалга оширишда муҳим аҳамият касб этувчи энг муҳим ва универсал мажбурий меъёрлардир. Умумэътироф этилган принциплар эса жаҳон ҳамжамияти томонидан қўллаб-қувватланадиган ва тегишли халқаро ҳуқуқий ҳужжатларда мустаҳкамланган принциплар ҳисобланади.

Маълумки, БМТ Устави қабул қилингунча халқаро ҳуқуқнинг асосий принциплари масаласи асосан халқаро ҳуқуқ доктринасида кўриб чиқилар эди. Ҳозирги вақтда эса халқаро ҳуқуқнинг асосий принциплари эълон қилинган ва мазкур принциплар БМТ Уставининг 2-моддасида ва БМТ Уставига мувофиқ давлатлар ўртасида дўстона муносабатлар ва ҳамкорликка тааллуқли Халқаро ҳуқуқ принциплари тўғрисидаги Декларация, (ЕХҲК)нинг Хельсинки якунловчи ҳужжатида батафсил ёритиб берилган бўлиб, мазкур ҳужжатларда қуйидаги принциплар мавжуд:

1) куч ишлатмаслик ва куч билан таҳдид қилмаслик; 2) давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик; 3) низоларни тинч йўл билан ҳал этиш;
4) давлатларнинг халқаро ҳамкорлиги; 5) халқлар ва миллатларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш; 6) давлатларнинг халқаро мажбуриятларини виждонан бажариш принципи; 7) давлатларнинг суверен тенглиги;
8) чегараларнинг дахлсизлиги; 9) давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги; 10) инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳурмат қилиш.

Шу ўринда, таъкидлаш лозимки, ҳозирги кунда жаҳон ҳамжамияти олдида турган умумбашарий муаммоларни ҳал этиш заруриятини ифода этувчи янги принципларни ҳам (масалан, атроф муҳитни ҳимоя қилиш) татбиқ этиш зарурати ҳам шаклланиб бормоқда.

Халқаро ҳуқуққа оид барча нормаларнинг эмас, балки шу каби умумэътироф этилган принциплар ва нормаларнинг миллий ҳуқуқ таркибига кириши, шу жумладан Конституцияда мустаҳкамланиши Ўзбекистон Республикаси халқаро ҳуқуқнинг тўлақонли субъекти эканлигини, халқаро сиёсатда ўзининг муносиб ўрнига ва ўз фикрига эга давлат эканлигини яна бир бор намоён этади.

Шунингдек, янгиланаётган Конституцияда Ўзбекистон Республикасининг миллий ҳуқуқ тизимига халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормалари билан бир қаторда Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ҳам кириши назарда тутилмоқда.

Қайд этиш керакки, исталган халқаро шартнома Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаси сифатида тан олинмайди. Яъни, халқаро шартномани ратификация қилиш, тасдиқлаш, қабул қилиш ёки қўшилиш орқали халқаро шартноманинг мажбурийлигига Ўзбекистон Республикасининг розилиги ифода этилган халқаро шартномалар Ўзбекистон Республикасининг миллий ҳуқуқий тизимига киради.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг қонунида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаси қоидалари қўлланилиши тўғрисидаги нормани татбиқ қилишда, шуни ҳисобга олиш керакки, мазкур ҳолат миллий қонунчилик ҳужжатининг кучини йўқотишига сабаб бўлмайди, унинг амал қилишини тўхтатишга олиб келмайди. Аксинча, ўрнатилаётган қоида, ўз навбатида, ҳуқуқни қўлловчи органлар учун ўз ваколатлари доирасида халқаро ҳуқуқ нормаларини тўлақонли қўллашига ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Хулоса сифатида давлатимизнинг халқаро шартномалари халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормалари билан бир қаторда ҳуқуқий тизимнинг таркибий қисми эканлигини конституциявий тарзда ифода этилиши давлатимизнинг халқаро миқёсидаги нуфузи янада ошиши, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояси нафақат миллий қонунчиликда белгиланган нормалар, балки халқаро ҳуқуқ асосида ҳимояланишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти

ю.ф.д., профессор Б.Исмаилов,
Ш.Аламонова

Киритилди: 17:02 26.04.2023. Ўқилди: 3398 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!