Бугун 26 апрель, 2024 йил, жума

O'ZB

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси: 13-моддага "инсон қадри учун" ғояси киритилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси: 13-моддага "инсон қадри учун" ғояси киритилмоқда

Хабарингиз бор, айни дамда Ўзбекистон Республикаси Конституциясига айрим ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши кутилмоқда.

Хусусан, 13-модда қуйидаги тарзда ўзгаради:

Ҳозирги шакли:

13-модда.

Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади.
Демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилинади.

Янги ҳолати:

Инсоннинг шаъни ва қадр-қимматини, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилиш, уларга риоя этиш, уларни ҳимоя қилиш давлатнинг мажбуриятидир.

Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари бевосита амал қилади, қонунларнинг маъносини, мазмунини ва қўлланилишини, давлат органларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ва улар мансабдор шахсларининг фаолиятини белгилайди. (13-модда)

Изоҳ:

1. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонидан 2022 йил 20 июндаги Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда “Инсон қадри учун” ғоясини ҳамда ҳозирги ислоҳотларимизнинг бош тамойили бўлган “Инсон – жамият – давлат” деган ёндашувни Конституциямизнинг мазмун-моҳиятига чуқур сингдириб, амалий ҳаётимизда бош қадриятга айлантиришимиз зарур. Яъни, инсоннинг қадр-қиммати, шаъни ва ғурури бундан буён барча соҳаларда биринчи ўринда туриши керак” деб таъкидланган эди.

Шунингдек, ушбу учрашувда давлат раҳбари томонидан конституциявий ислоҳотларни амалга ошириш бўйича 4 та асосий йўналиш белгиланган бўлиб, биринчи йўналиш – инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, қадр-қиммати, дахлсиз ҳуқуқлари ва манфаатлари масаласига таалуқлидир.

2. Ушбу қўшимча “Инсон қадри учун” деган устувор тамойилни тўла рўёбга чиқариш мақсадида ишлаб чиқилган. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясида ҳам инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишни таъминлаш мақсадида соҳада демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва изчил давом эттириш талаб этилиши белгиланган. 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясининг биринчи устувор йўналиши ҳам

бежизга “Инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш” деб номланмаган. Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясидаги барча 100-мақсад ҳам инсон қадрини юксалтириш ғояси асосида ишлаб чиқилган.

Бу йилнинг номланиши ҳам айнан инсон қадри учун деган юксак ғоянинг замирида бунёд этилгани бежиз эмас. Юртимизда ҳар бир соҳада рўй бераётган ўзгаришлар аввало инсон учун яратилаётган қулайликларнинг ёрқин ифодасидир.

Белгилаб олинган “Инсон қадри учун – 100 та мақсад”га эришиш учун жорий йилнинг ўзида умумий қиймати 55 триллион сўм ва 11,7 миллиард долларлик 398 та чора-тадбир амалга оширилмоқда.

3. Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш масаласи халқимиз учун фаровон ва муносиб турмуш шароитини яратиб беришга қаратилган демократик ислоҳотларнинг бош мезонига айланиб бормоқда. Ҳозирги вақтда Ўзбекистон Республикаси инсон ҳуқуқлари бўйича 80 дан ортиқ халқаро ҳужжатларга, жумладан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 6 та асосий шартномаcи ва 4 та факультатив протоколига қўшилган бўлиб, уларнинг амалга оширилиши юзасидан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ва шартномавий қўмиталарига мунтазам равишда миллий маърузаларни тақдим этиб келмоқда.

4. Инсон ҳуқуқлари – ҳар бир инсоннинг миллати, яшаш жойи, жинси, этник келиб чиқиши, танасининг ранги, дини, тили ва бошқа белгиларидан қатъи назар, ажралмас ҳуқуқларидир. Барча одамлар ҳар қандай турдаги камситишларни истисно қилган ҳолда, инсон ҳуқуқларидан бир хилда фойдаланиш ҳуқуқига эгадирлар. Ушбу ҳуқуқлар ўзаро боғлиқ ва ажралмасдир. Инсоннинг умумбашарий ҳуқуқлари кўпинча шартномалар, халқаро одат ҳуқуқи, ҳуқуқнинг умумий принциплари ва халқаро ҳуқуқнинг бошқа манбаларида қонун кўринишида мустаҳкамланган ва кафолатланган. Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳуқуқ давлатларга инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ривожлантириш ҳамда ҳимоя қилиш бўйича мажбуриятларни юклайди.

5. Киритилаётган қўшимчалар орқали давлат демократия ва инсон ҳуқуқларининг умумэътироф этилган ғоялари ва қадриятларига, шунингдек инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларга содиқлигини яна бир бор

таъкидлайди. Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қонунчилигимиз янада такомиллашади, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилиш, уларга риоя этиш, уларни ҳимоя қилиш борасида қўшимча конституциявий-ҳуқуқий кафолатлар белгиланади.

6. Мазкур нормага ўхшаш нормалар Жиноят-процессуал кодексида (17-модда жиноят процессида шахснинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш масаласига бағишланган) келтирилган. Шунингдек Жиноят кодекси Махсус қисмининг VI боби шахснинг озодлиги, шаъни ва қадр-қимматига қарши жиноятларга бағишланган.

7. БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1948 йил 10 декабрда қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 1-моддасида “Ҳамма одамлар ўз қадр-қиммати ҳамда ҳуқуқларида эркин ва тенг бўлиб туғиладилар. Уларга ақл ва виждон ато қилинган, бинобарин бир-бирларига нисбатан биродарлик руҳида муносабатда бўлишлари керак” деб белгиланган.

БМТнинг 1966 йил 16 декабрдаги Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 2-моддасида “Ушбу Пактда иштирок этувчи ҳар бир давлат ўз ҳудудида турган ва ўз юрисдикцияси остида бўлган барча шахсларнинг ушбу Пактда эътироф этилган ҳукуқларини ҳеч бир айирмачиликсиз, жумладан, ирқи, тана ранги, жинси, тили, дини, сиёсий ёки бошқа эътиқодидан, миллий ёки ижтимоий келиб чиқиши, мулкий аҳволи, туғилиши ёки ўзга ҳолатидан қатъи назар ҳурмат қилиш ва таъминлаш мажбуриятини олади” деб белгиланган.

Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 2-моддасида “Ушбу Пактда қатнашувчи давлатлар мазкур Пактда эълон қилинган ҳуқукдарни бирор-бир камситишсиз, яъни ирқи, тана ранги, жинси, дини, сиёсий ёки бошқа эътиқодидан, миллий ёки ижтимоий келиб чиқиши, мулкий аҳволи, насл-насаби ёки бошқа ҳолатлардан қатъи назар кафолатлаш мажбуриятини оладилар” деб белгиланган.

8. Бундай қоидалар Германия, Италия, Туркия, Жанубий Корея, Бельгия, Янги Зеландия, Финляндия, бир қатор МДҲ мамлакатлари ва бошқа давлатлар конституцияларида келтириб ўтилган.

Янги шакли

Инсонга нисбатан ҳуқуқий таъсир чоралари давлат органи томонидан кўзланадиган қонуний мақсадга эришиш учун етарли бўлиши ҳамда манфаатдор шахсларга имкон қадар қийинчилик туғдирмаслиги керак. (13-модда)

Изоҳ:

1. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев 2022 йил 20 июнда Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда “мантиқсиз ҳолатларнинг олдини олиш учун янги бир нормани Конституцияга киритиш таклифини билдираман. Яъни, маъмурий, фуқаролик, иқтисодий, жиноий жавобгарлик ва бошқа йўналишдаги ишларни кўриб чиқишда инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари қонуний мақсадга эришиш учун етарли бўлиши ҳамда шахсга имкон қадар енгиллик яратиши керак”, деб таъкидлаб ўтган эъди.

2. Афсуски, қонунчилигимизда бажариб бўлмайдиган ёки бажариш қийин бўлган нормалар ҳам учраб туради. Аслида, қонунлар инсонга ҳеч қачон ортиқча талаб қўймаслиги керак..

Маърузада кўрсатилганидек, фуқаронинг ипотека кредитидан 3 миллион сўмлик уч ойлик қарзи бор. Амалдаги қонунчилигимизга кўра, банк қарздорни судга беради. Лекин, бу масалада даъво аризаси 3 миллион сўм, яъни реал қарз бўйича эмас, балки кредитнинг тўланмаган қисмига, дейлик, 250 миллион сўмга нисбатан берилади.

Суд аризани кўриб чиқиб, қарздордан 10 миллион сўмдан ортиқ давлат божи ундириш ва шартномани бекор қилиш бўйича қарор қабул қилади. Ўзингиз ўйланг, 3 миллион сўмни тўлай олмаган фуқаро 10 миллион давлат божини қандай тўлайди?

3. Ушбу норма янги киритилаётган қўшимча инсон ҳуқуқларини давлат билан бўлган муносабатларида тўлақонли таъминлашга қаратилган. Бундай мантиқсиз ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилади.

4. Ушбу киритилаётган янгилик фуқароларнинг давлат идоралари билан бўлаётган муносабатларида юзага келадиган қатор муаммо ва вазифаларни, инсон ҳуқуқларига риоя қилган ҳолда амалга ошириш имкониятини кенгайтиради.

“Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Кодекснинг 7-моддаси мутаносиблик принципига бағишланган бўлиб, бунда маъмурий иш юритиш жараёнида жисмоний ва юридик шахсларга кўрсатиладиган таъсир чоралари маъмурий орган томонидан кўзланган қонуний мақсадга эришиш учун мос ва етарли бўлиши ҳамда манфаатдор шахсларга имкон қадар қийинчилик туғдирмаслиги керакли белгиланган.

5. Кенг маънода мутаносиблик деганда биз ҳар хил нарсаларнинг ўлчами, сони, тури бўйича тўғри муносабатини (нисбатини) тушунамиз. Aсосан, мутаносибликнинг ҳуқуқий концепциясини умумий ҳуқуқий маънода тортиш ёки мувозанатлаш тушунчасидан, зарурият тушунчасидан фарқланиши мумкин. Давлатларнинг жавобгарлиги бўйича халқаро ҳуқуқ комиссияси, БМТ Низомининг 51-моддасида ва халқаро гуманитар ҳуқуқда) ва ниҳоят, оқилоналик ёки асослилик (реасионалнесс) тамойилидан келиб чиқади.

6. Бундай нормалар дунёнинг кўплаб давлатларининг конституцияларида норматив тарзда тартибга солинган ва кўплаб мамлакатларнинг миллий суд амалиётида қўлланилади. Бу тамойил нафақат барча Марказий Европа ва Шарқий Европа давлатлари, балки Тунис, Жанубий Aфрика ва Исроил, Лотин Aмерикаси, Aвстралия ва Янги Зеландия, Корея ва Ҳиндистон каби давлатларда ҳам мавжуд.

Янги шакли

Инсоннинг давлат органлари билан ўзаро муносабатларида қонунчиликда юзага келадиган, бартараф этиб бўлмайдиган барча қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилинади. (13-модда)

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 июндаги ПФ-6012-сон Фармони билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясида белгиланган «Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун» деган тамойил ушбу норманинг шаклланишига бевосита таъсир кўрсатди. Шу билан бирга, 2022 йил 20 июнда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонидан Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда Янги Ўзбекистон учун инсон қадри ва халқ манфаати ҳамма нарсадан устунлиги тамойилини янгиланаётган Конституцияда аниқ ифода этиш зарурлиги таклиф этилди.

2. Ҳуқуқий давлатда барча муносабатлар аниқ қоидалар билан тартибга солинган бўлиши керак. Ҳеч бир муносабат ҳуқуқий ечимсиз қолмаслиги шарт. Аммо, ижтимоий муносабатларнинг жуда кенг. Ҳаётда шундай вазиятлар ёки ҳолатлар вужудга келиши мумкинки, давлат ва инсон ўртасидаги айрим муносабатларнинг ечими қонунчиликда кўрсатилмаган ёки ноаниқликларга сабаб бўлиши аниқ. Мана шундай ҳолатларда муаммо кимнинг фойдасига ва қандай тартибда ҳал этилиши муҳим аҳамият касб этади.

Ушбу тамойил одатда жиноят процесси иштирокчиларининг ҳуқуқларини, тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш доирасида кенг қўлланилиб келинмоқда. Эндиликда ушбу тамойилнинг Конституцияда мустаҳкамланиши

унинг қўлланилиш доирасини кенгайтиради ва инсон иштирок этиши мумкин бўлган ҳар қандай ижтимоий-ҳуқуқий муносабатларга талқин этиш имконини беради.

3. Давлат ва инсон ўртасидаги ўзаро муносабатлардаги келиб чиқадиган ноаниқликлар табиийки, турли тушунмовчилик ва шикоятларнинг ошишига олиб келади. Фуқароларнинг сарсон саргардон бўлиб юришига сабаб бўлади. Масалан, 2021 йилнинг 12 ойи давомида Президент виртуал қабулхонаси ва халқ қабулхоналарига 1 млн. 600 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган бўлса, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили офисига 2021 йилда 18,7 мингдан кўпроқ мурожаатлар келиб тушган. Табиийки ушбу мурожаатлар орасида биз муҳокама қилаётган муаммоли масалалар ҳам кўпчиликни ташкил этади.

Инсоннинг давлат органлари билан ўзаро муносабатга киришишида қонунчиликдаги бартараф этиб бўлмайдиган барча қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилинишининг Конституция даражасида белгиланиши энг аввало инсон қадрини улуғлаш бўйича улуғвор ғоянинг амалга татбиқ этилишига, ҳужжатларда ноаниқлик ва қарама-қаршилик пайдо бўлганда давлат манфаатлари эмас, инсон манфаатлари устунлигини таъминланишига олиб келади.

4. Инсон фойдасига талқин қилиш деганда, давлатнинг ўзаро тушунмовчиликлар ва қарама қаршиликлар вужудга келганда инсон фойдасига “даъводан” воз кечиш тушунилади.

5. Ушбу принципнинг конституция даражасида мустаҳкамланиши, инсон қадрини улуғлашга, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини давлат томонидан кафолатлашга хизмат қилади.

Мазкур нормага ўхшаш нормалар ҳозирги кунга қадар бир қанча соҳавий қонун ҳужжатларида, жумладан: Жиноят-процессуал кодекси (23-моддаси, 3-қисм), “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуни (7-модда), Божхона кодекси (4-моддаси), “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуни (11-моддаси), Солиқ кодекси (13-модда) Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонуни (11-модда) ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган.

Низомжон Исломов тайёрлади.

Киритилди: 10:13 28.06.2022. Ўқилди: 3929 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!