Бугун 30 апрель, 2024 йил, сешанба

O'ZB

Ўзбекистон кластери ҳақидаги китоб Германияда инглиз тилида чоп этилди

Ўзбекистон кластери ҳақидаги китоб Германияда инглиз тилида чоп этилди

Германиянинг нуфузли “LAMBERT Academic Publishing” халқаро илмий нашриётида “Cotton-Textile Cluster – loсomotive of the economic development” («Пахта-тўқимачилик кластери – иқтисодий тараққиёт локомотиви») номли китоб чоп этилди.
У Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари уюшмаси раиси, иқтисодиёт фанлари доктори, сенатор Муртазо Раҳматов, академик, биология фанлари доктори, профессор Бакриддин Зарипов, Наманган давлат университети ўқитувчиси Баҳодир Ниёзметов, шунингдек, юртимиздаги қалдирғоч кластерлар – “BCT Cluster” ва “TCT Cluster” кластерлари лойиҳа координатори Музаффар Раҳматов ҳамда бош менежери Акбархон Баҳрамов муаллифлигида инглиз тилида нашр этилди.

Китобда мамлакатимизда сўнгги беш йилда қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар ҳақида ҳикоя қилинади. Хусусан, ушбу соҳага татбиқ этилаётган янги ғоялар, инновация ва ноу-хаулар аграр секторни саноатлаштириш, қишлоқ меҳнаткашларининг ҳаёт даражасини юксалтиришга хизмат қилаётгани пахта-тўқимачилик кластерлари фаолияти мисолида кенг очиб берилган.

Эътироф этилганидек, Президент Шавкат Мирзиёевнинг бевосита ғояси асосида амалиётга кластер тизими жорий этилиб, қишлоқ хўжалигида маҳсулот етиштириш ва чуқур қайта ишлашнинг “занжирли усули” яратилди. Ўқувчилар китобда ушбу усул самаралари ҳақида батафсил маълумот олишлари мумкин.

Китобда Ўзбекистон тўқимачилик ва енгил саноат тизимида кластерларни шакллантириш масаласи мамлакат миқёсида эмас, балки минтақалар – вилоятлардаги аниқ иқтисодий-ижтимоий шарт-шароитлар асосида амалга оширилаётгани энг оқилона йўл эканлигига алоҳида урғу берилган.

– Давлатимиз раҳбари ташаббуси асосида иш юритишнинг кластер тизимига ўтилишидан кўзланган биринчи мақсад – ердан самарали фойдаланиш, – дейди Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган иқтисодчи, профессор Муртазо Раҳматов. – Қолаверса, қишлоқ хўжалигини саноатлаштириш, четга хомашё эмас, қўшимча қийматга эга тайёр маҳсулотлар сотиш, даромадни ошириш орқали дала меҳнаткашларининг ҳаёт даражасини кўтаришдир. Зеро, аграр соҳадаги натижалар биргина ҳосилдорлик кўрсаткичи билан ўлчанадиган даврлар ўтиб кетди. Олинадиган даромад ва соф фойда асосий мезонга айланиши керак. Китобда ана шу жиҳатни нафақат назарий ва илмий тарафдан, балки ҳаётий мисоллар билан тушунтиришга ҳаракат қилдик. Ўзбекистонда қисқа даврда бу борада эришилган натижалар ҳақида фикр юритар эканмиз, бунда Бухородаги “BCT Cluster” ва Тошкент вилоятидаги “TCT Cluster” кластерлари фаолиятига мурожаат қилдик, аниқ деталлар ва далилларга суяндик.

Мазкур китоб дунё ҳамжамиятини Президент Шавкат Мирзиёевнинг элни фаровон, халқни бой қилишдек эзгу мақсадга йўғрилган ғояси мазмун-моҳиятидан яқиндан хабардор этиш, Ўзбекистоннинг ноёб тажрибаси билан яқиндан таништириш, Янги Ўзбекистон ҳақидаги тасаввурларини бойитишга хизмат қилади. Айниқса, чет эллик ишбилармонлар, инвесторлар, экспертлар, давлат ва нодавлат сектор вакиллари учун мамлакатимиздаги ўзгаришларга оид зарур маълумотларни олишларида қимматли манбага айланиши мумкин. Бу, ўз навбатида, давлатлар ўртасида нафақат иқтисодий ҳамкорликни, балки “халқ дипломатияси”ни ривожлантиришга ҳам муҳим ҳисса қўшади.

Германиянинг “LAMBERT Academic Publishing” халқаро илмий нашриёти жаҳондаги нуфузли нашриётлар сирасига киради. Ҳар йили 5 миллиондан ортиқ академик ишлар, монографиялар, илмий-тадқиқот лойиҳалари, илмий мақолалар, ижодий ишлар чоп этилади. Шу боис нашриётнинг жаҳон рейтингидаги ўрни анча баланд. Бугунги кунда нашриёт amazon.com, libri.de, morebooks.de, umbreit.de, knigozal.com каби йирик интернет дўконлари билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Нашриётда чоп этилган китоблар 80 дан ортиқ мамлакатда сотилади. “Cotton-Textile Cluster – loсomotive of the economic development” китоби ҳам нашриётнинг энг кўп сотилаётган адабиётлари рўйхатидан жой олган.

Киритилди: 16:49 15.09.2021. Ўқилди: 1423 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!