16 март куни Ўзбекистон томонидан Эрон халқига инсонпарварлик ёрдами юборилди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Вазирликка кўра, инсонпарварлик ёрдами — ун, гуруч, шакар, макарон маҳсулотлари, кунгабоқар ёғи, консервалар каби озиқ-овқат маҳсулотлари, шунингдек, дори воситалари ва тиббий буюмлардан иборат. Бир нечта юк машиналарида ёрдам аллақачон Эрон томонига етказилди.
Инсонпарварлик юкларини қабул қилиб олишда Эроннинг Дарегаз шаҳри ҳокими Мужтабо Базмара, Эрон Ташқи ишлар вазирлигининг Хуросон Разовий вилоятидаги идораси раҳбари, вазир маслаҳатчиси Али Масумифар ҳамда Эроннинг Туркманистондаги элчиси Али Мужтаба иштирок этди.
ТИВ юкларнинг миқдори ва Ўзбекистон томонидан кимлар қатнашганига аниқлик киритмаган. Расмларда собиқ сенатор, Ўзбекистоннинг Туркманистондаги элчиси Равшанбек Алимов Эрон расмийларига юкларни топшираётгани кўринади.
«Тадбир давомида расмийлар Эрон халқига кўрсатилган инсонпарварлик ёрдами ва юксак эътибор учун Ўзбекистон президентга самимий миннатдорлик билдирди. Улар мазкур ташаббусни икки мамлакат ўртасидаги дўстлик, ҳамжиҳатлик ва ўзаро қўллаб-қувватлаш анъаналарининг ёрқин ифодаси эканини таъкидлади», дейилади ТИВ баёнотида.