Бугун 30 апрель, 2024 йил, сешанба

O'ZB

UzAuto Motors'дан олинган машиналар ЙҲХБда харидор номига расмийлаштирилиши шарт бўлади

UzAuto Motors'дан олинган машиналар ЙҲХБда харидор номига расмийлаштирилиши шарт бўлади

Эндиликда UzAuto Motors дилерларидан харид қилинган автомобиллар ЙҲХББда ҳақиқатда машинани сотиб олган шахс номига расмийлаштирилиши лозим. Автомобил хариди учун навбат олиб қўйиб, шу навбатини сотиш билан шуғулланаётганларга қарши чора сифатида шундай тартиб ўрнатилади. Битта шахс дилерлар билан ҳатто 200 та шартнома тузиб қўйган ҳолатлар ҳам аниқланган.

Пандемия туфайли жаҳонда яримўтказгичлар танқислиги юзага чиққач, Ўзбекистонда ҳам автомобил ишлаб чиқариш ҳажми тушиб кетди. Натижада янги автомобиллар етишмовчилиги кузатилмоқда.

Айни пайтда, масалан, Lacetti автомобили учун тўлов қилиб, машинаси чиқишини кутаётганлар сони 25 мингдан ошган. Яна 7,6 мингга яқин киши Cobalt автомобили учун навбатда турибди.

Kun.uz'га маълум бўлишича, 1 февралдан буён Spark, Nexia-3 ва Cobalt автомобилларининг механик узатмалар қутиси билан жиҳозланган варианти учун шартномалар тузилмаяпти.

Янги автомобил танқислиги шароитида машина учун тўлов қилиб, ўз навбатини сотаётган фуқаролар пайдо бўлган. UzAuto Motors компанияси шу каби ҳолатларга қарши кураш бошлаганини маълум қилди.

“Яқинда сотув тизими ёрдамида бир шахс томонидан автомобилларни сотиб олиш учун 10, 20 ва ҳаттоки, 200 та келишув шартномаларининг тузилганлик ҳолатлари аниқланди. Ўрганишлар шуни кўрсатдики, ушбу шахслар юзага келган ҳолатни ўз бизнесига айлантириб, қўйилган навбатини кутишни хоҳламайдиган шахсларга ўз навбатини имтиёзли бериш мақсадида шартномалар тузишади”, – дейилади компания ахборотида.

UzAuto Motors бунга чек қўйиш учун ўз савдо маълумотлар базасини Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг янги автомобилларни рўйхатдан ўтказиш базаси билан синхронлаштиришни таклиф этди.

Таъкидланишича, бу лойиҳада Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, ДЙҲХ ва АКТ вазирлиги ҳам қатнашади.

Агентлик бу лойиҳа тасдиқланганини хабар қилди. Унга кўра, эндиликда “UzAuto Motors” АЖнинг дилерлик корхоналари томонидан мижозларга расмийлаштирилиб берилаётган ҳисоб-маълумотномалар ИИВ ЙҲХББда ҳақиқатда шартнома тузган шахс номига расмийлаштирилиши лозим.

Икки ахборот тизими ўртасида маълумотлар алмашуви дастлаб тажриба тариқасида Тошкент шаҳрида, кейинчалик Республика миқёсида жорий этилади.

Маълумот учун, автомобил сотиб олиш жараёнида тамагирлик ёки коррупциянинг бошқа турлари билан тўқнаш келган фуқаролар UzAuto Motors колл-маркази (78 141-77-77) ёки Бош прокуратуранинг 10-07 қисқа рақамига мурожаат қилиши мумкин.

UzAuto Motors'нинг қайд этишича, компания ва ҳуқуқ органлари мижозларнинг шахсий мурожаатлари ва шикоятларисиз на тезкор чора-тадбирлар кўриш, на жиноий иш бўйича тергов олиб бориш ҳуқуқига эга эмас.

Жорий йилда компаниянинг ишонч телефон рақамлари ва колл-марказ хизматига “шапка” дея аталувчи ҳолатларга оид бирорта ҳам шикоят келиб тушмаган. Шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ҳам бундай мурожаат бўлмаган.

Киритилди: 17:59 27.07.2021. Ўқилди: 2784 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!