Норозилик акциялари мамлакатнинг 50 дан ортиқ шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган. Валенсияда намойишчилар ва полиция ўртасида тўқнашувлар юз бериб, ҳуқуқ-тартибот идоралари резина ўқ ва кўздан ёш оқизувчи газ қўллаган. Барселонадаги акция эса ноқулай об-ҳаво сабабли бошқа вақтга қолдирилган.
Намойишларга Испания парламенти ҳукуматнинг уй-жой инқирозига қарши қаратилган икки муҳим қарорини рад этгани сабаб бўлди. Уларда ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни мажбуран кўчиришни чеклаш, қисқа муддатли ижарага нисбатан қатъийроқ қоидалар жорий этиш, кўчмас мулк бозоридаги спекуляцияларга қарши чоралар кўриш ҳамда уй-жой қурилиши учун солиқ имтиёзлари бериш назарда тутилган эди.
Аҳолининг норозилиги Мадридда 87 ёшли Марикармен Абаскальнинг кўп йиллар яшаган хонадондан мажбуран чиқарилганидан кейин янада кучайган. Унинг ҳолати уй-жой муаммосига қарши намойишларнинг рамзларидан бирига айланган.
Ҳукуматнинг ташаббуслари парламентда қўллаб-қувватланмагани бош вазир Педро Санчес учун жиддий сиёсий зарба сифатида баҳоланмоқда. Испания оммавий ахборот воситалари мамлакатда муддатидан олдин парламент сайловлари ўтказилиши мумкинлигини ҳам ёзмоқда.