Усмон Дембеле 2025/2026 йилги УЕФА Чемпионлар лигаси финалида "Арсенал"га қарши баҳсда иштирок этишини маълум қилди. Учрашув 30 май куни бўлиб ўтади.
Аввалроқ франциялик ҳужумчи Франция чемпионатининг 34-турида "Париж"га қарши ўйиннинг (1:2) 27-дақиқада алмаштирилган эди.
«Ҳаммаси жуда яхши кетмоқда. “Париж”га қарши ўйинда бироз қўрқиб кетдим, аммо ҳозир ҳаммаси жойида ва мен финалда ўйнайман. 100 фоиз тайёр бўламанми? Ҳа, шундай деб ўйлайман. Бунда ҳеч қандай шубҳам йўқ ва 30 май куни майдонга тушишга умид қиляпман.
Фаолиятим давомида кўплаб кичик жароҳатлар ёки жиддий шикастлар бўлган — бу ерда, "ПСЖ"да ҳам, аввал ҳам. Айниқса муҳим ўйинлар олдидан, хусусан ушбу финал олдидан. Шунинг учун таваккал қилмасликни афзал билдим», — деди Усмон Дембеле RMC Sport’га берган интервьюсида.
Ушбу мавсумда Усмон Дембеле барча мусобақаларда 39 та ўйинда қатнашиб, 19 та гол ва 11 та ассист қайд этган.