"Урганч–Хива" пулли автомобиль йўлидан фойдаланишнинг вақтинчалик тартиби тасдиқланди
Адлия вазирлиги "Урганч–Хива" пулли автомобиль йўлидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низомни давлат рўйхатидан ўтказди (рўйхат рақами 3949, 2026 йил 30 сентябрь).
🔰 Унга кўра:
📢 оператор йўлдан фойдаланиш бошланишидан олдин тарифлар, тўлов усуллари ҳамда муқобил бепул йўл ҳақидаги маълумотларни эълон қилади;
📄 пулли йўлдан фойдаланиш оператор ва фойдаланувчи ўртасидаги оммавий шартнома асосида амалга оширилади;
💳 тўловлар электрон шахсий ҳисоб, тўлов пункти ёки кечиктирилган тўлов усули орқали амалга оширилади;
💰 йўлдан фойдаланиш учун тўлов миқдори транспорт воситаси тоифасига қараб, Транспорт вазирлиги томонидан белгиланган энг юқори миқдорлардан ошмаган ҳолда оператор томонидан белгиланади;
🔎 фойдаланувчи тўлов тарихи ва қарздорлигини текшириш, нотўғри ҳисобланган тўловни қайта ҳисоблашни талаб қилиш ҳамда операторнинг ҳаракатлари устидан Автомобиль йўллари қўмитасига ёки судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга;
⏳ тўсиқсиз тизимда кечиктирилган тўлов қўлланилганда, тўлов хабарнома юборилган кундан бошлаб беш иш куни ичида амалга оширилиши лозим;
📝 қарздорлик бўйича шикоят келиб тушганда, оператор беш иш куни ичида маълумотларни қайта текширади. Шикоят асосли бўлса, қарздорлик бекор қилинади ёки қайта ҳисобланади;
🛠 оператор йўлни соз ҳолатда сақлаш, авария ва техник носозликларда ёрдамни ташкил этиш ҳамда йўлдаги носозликлар туфайли транспорт воситаларига етказилган зарарни белгиланган тартибда қоплашга мажбур.
📅 Мазкур ҳужжат расмий эълон қилинган кундан кучга киради ҳамда пулли автомобиль йўлларидан фойдаланиш тартибини белгиловчи Вазирлар Маҳкамаси қарори кучга киргунига қадар амал қилади.