Бугун 16 июнь, 2025 йил, душанба

O'ZB

Ўлимни эслашнинг қандай фойдаси бор?

A A A
Ўлимни эслашнинг қандай фойдаси бор?

Имом Ғаззолийга мансуб «Иҳёу улумид-дин» асарининг «Ҳар қандай ҳол ва ҳолатда ўлимни эслашнинг фазилати» бобида, жумладан, қуйидаги муборак ҳадиси шарифлар келтирилади.

Севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Лаззатларни барбод этувчи ўлимни кўп эслангизлар».

Севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Сизлар (яъни инсон зоти) ўлим хусусида билган нарсаларни ҳайвонлар билса эди, уларнинг баданида ейдиган эт топа олмас эдингизлар. (Яъни улар қўрққанидан эти суякларига ёпишиб, қоқ суяк бўлиб қолар эди)».

Ҳазрати Оиша онамиз розияллоҳу анҳо жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Шаҳидлар билан бирга тиргизиладиган бошқа бирор киши борми?» – деб сўрадилар.

Севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Ҳа, бор. Кунда йигирма марта ўлимни ўйлаган киши шаҳидлар билан бирга тиргизилгайдир».

Чунки ўлимни йигирма марта ўйлаш инсоннинг дунёга боғланишига тўсиқ бўлади ва уни охират ҳаётига ҳозирланмоққа чақиради. Ўлимни унутиш эса инсоннинг дунё завқларига боғланишига сабабдир.

Севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадиларки: «Ўлим мўъмин учун бир ҳадядир».

Чунки дунё мўъмин кишининг ҳибс этилган бир жойидир. Зеро, бу ерда нафси билан доим мужодала қилади. Шаҳватларига қарши нафсини тарбият қилиб, ўзини шайтоннинг таъаррузларидан мудофаа этади. Ўлим эса унинг бу барча қийинчиликлардан қутулмоғи демакдир. Унинг бундай машаққатлардан озод бўлмоғи инсон учун бир ҳадядир.

Севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Ўлимни кўп эслангизлар, чунки ўлим (сизларни) гуноҳ ишлар қилишдан тўсади ва дунёдан юз ўгиртиради».

Севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Ўлим бир воиз (ўгит ва ибрат) сифатида сизларга етарлидир».

Севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ўлимни эслангизлар ва диққат қилингизлар, жоним қудрати қўлида бўлган Аллоҳга қасамки, агар мен билган нарсани сизлар билганларингизда эди, (бу дунёда) камроқ кулиб, кўпроқ йиғлар эдингизлар».

Бир куни жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида бир кишини мақтадилар. Шунда жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У киши ўлимни эслаш жиҳатидан қандай?» – деб сўрадилар. Улар: «Ҳеч ўлимни эслаганини кўрмадик», – дейишди. Шунда ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ундоқ бўлса, у одамнинг ҳеч қиймати йўқ», – дедилар.

Ҳазрати Ибни Умар розияллоҳу анҳумо айтадилар: «Бир куни ўнинчи киши бўлиб жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурида эдим. Ансорлардан бири: «Энг ақлли ва энг карамли киши ким?» – деб сўради.

Севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Ўлимни энг кўп эслаган ва унга ҳозирлик кўрган кишидир. Дунёнинг шарафи билан охиратнинг карамини қозонган ақлли кишилар ана шулардир».

Мирзо Аҳмад Хушназар

Киритилди: 18:37 02.10.2020. Ўқилди: 7910 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!