НАТО Украинага Америка қуролини сотиб олиш учун “PURL” дастури доирасида қўшимча 15 миллиард доллар ажратиши мумкин. Бу ҳақда АҚШнинг НАТОдаги доимий вакили Мэттью Уитакер “Bloomberg” телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
Мулозимнинг сўзларига кўра, шу йил охиригача Киев учун тахминан 2 миллиард долларлик қурол-яроқ етказиб берилади. 2026 йил эса яна 12-15 миллиард доллар ажратилиши режалаштирилган.
PURL – “Украинанинг устувор эҳтиёж рўйхати” деб аталувчи дастур жорий йил июлида Президент Дональд Трамп ва НАТО ўртасидаги келишув асосида ишга туширилган. Мазкур ҳужжатга мувофиқ, Шимолий Атлантика альянси аъзолари ва ҳамкор давлатлар Украина томонидан тузилган эҳтиёж рўйхати асосида АҚШдан қурол-яроқ харид қилади ва украиналикларга топширади.
Президент Владимир Зеленский 17 сентябрдаги баёнотида ушбу дастур доирасида мамлакат аллақачон 2 миллиард доллардан зиёд ёрдам олгани, йил якунигача айни миқдор 3-3,5 миллиард долларга етказилишини айтган. Бу маблағ эвазига Украина “Patriot” ҳаво мудофаа тизими учун ракеталар ва “HIMARS” реактив тизими учун ўқ-дори сотиб олган.
Д.Ҳакимов,ЎзА