Украинада мураккаб шароитда қолган 19 нафар Ўзбекистон фуқароси мамлакатимизга қайтарилди. Бу жараён Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси томонидан Украина Миллий полицияси ҳамда Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ)нинг Украина ва Молдова бўлимлари билан ҳамкорликда амалга оширилди.
Маълум қилинишича, Киев вилоятидаги иссиқхоналардан бирида мажбурий меҳнатга тенг шароитда яшаб келган фуқаролар ҳақидаги хабар 18 сентябрь куни Украина ОАВда тарқалган. Ушбу маълумот эълон қилинган заҳоти вазият Ўзбекистон дипломатик миссияси томонидан қатъий назоратга олинди.
Элчихона қисқа муддат ичида ватандошларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқий мақомини тиклаш, Украинадан хавфсиз чиқиб кетиши учун зарур ҳужжатларни расмийлаштириш бўйича кенг кўламли чораларни кўрди.
Олиб борилган музокаралар натижасида 19 нафар фуқарога расмий равишда «жабрланувчи» мақоми берилди. Бу эса Украинанинг амалдаги қонунчилиги бўйича уларга нисбатан ҳар қандай санкция қўлланилишининг олдини олди.
ХМТнинг Украина ва Молдова бўлимлари томонидан молиявий кўмак кўрсатилган ҳолда, 28-октабр куни фуқаролар автомобиль орқали Киевдан Кишинёвга олиб келинди. Молдова пойтахтида улар учун хавфсиз яшаш шароити, овқатланиш ва зарур ёрдам таъминланди. 2 ноябрь куни ХМТ вакиллари ҳамроҳлигида «Кишинёв–Истанбул–Урганч» авиарейси орқали учирилган ватандошларимиз 3 ноябрь куни Ўзбекистонга етиб келишди.
Мазкур ҳолат Ўзбекистон дипломатиясининг хориждаги фуқароларимиз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги тизимли ҳамкорлик самараси эканини яна бир бор тасдиқлади.
Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси мамлакатда бўлиб турган ватандошларимиз билан боғлиқ вазиятларни доимий назоратда тутмоқда ва уларнинг ҳуқуқлари поймол этилгани ҳақида келиб тушган мурожаатларни тезкор кўриб чиқишда давом этади.