Бугун 13 октябрь, 2026 йил, сешанба

O'ZB

Украина ҳужумига учраган “Яндекс” дата-марказларидаги ускуналарни янгилашга 6 ой кетади

Украина ҳужумига учраган “Яндекс” дата-марказларидаги ускуналарни янгилашга 6 ой кетади

Коммерсант нашри манбаларига кўра, компания йўқотишларни тезроқ қоплаш учун ускуналарни турли каналлар, жумладан, хорижий каналлар орқали харид қилишни бошлайди. Бу эса қисқа муддатда техника нархининг ошишига олиб келиши мумкин. “Яндекс” ускуналарни “сўнгги йиллардаги энг қиммат бозордан” сотиб олишга мажбур бўлади.

"Булар жуда йирик дата-марказлари эди. Улар қурилганидан бери дунё бўйлаб ҳисоблаш қувватлари, айниқса, сунъий интеллект учун мўлжалланган махсус процессорлар тақчиллиги ва нархларининг ошиши кузатилмоқда. Шу боис марказларни ускуналар билан қайта жиҳозлаш анчагина қимматга тушади ва узоқ вақт талаб қилади", — деди Strategy Partners компаниясидан Сергей Кудряшов.

Таъкидланишича, қўшимча харажатлар охир-оқибат мижозлар учун булутли ва бошқа хизматлар нархининг сезиларли ошишига олиб келади.

Украина дронлари сўнгги бир неча кун ичида “Яндекс”нинг олтита дата-марказидан учтасига ҳужум қилди. Улар Рязан вилоятининг Сасово шаҳри, Калуга шаҳри ва Владимир вилоятида жойлашган. Ҳужум оқибатида компания хизматлари фаолиятида узилишлар юзага келди, жумладан, такси чақириш ва буюртма беришда носозликлар кузатилди. Узилишлар Россия, Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Арманистон ва Беларусда қайд этилди. Ҳужумга учраган марказлар орасида энг йириги Калугадаги дата-марказ бўлиб, у 3 800 дан ортиқ сервер жавонини жойлаштиришга мўлжалланган.

Киритилди: 19:01 12.10.2026. Ўқилди: 532 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!