Украина Қуролли кучларининг руҳияти фронтдаги муваффақиятсизликлар ва Киевдаги коррупция можароси фонида махсус ҳарбий операция бошланганидан бери энг паст даражага тушиб кетди. Бу ҳақда РИА Новости Британиянинг "The Telegraph" нашрига таянган ҳолда хабар берди.
"Ғарбнинг нобарқарор ёрдами, электр энергиясидаги коррупция билан боғлиқ шов-шувли жанжал ва армияга хизмат қилишдан қочиб кетаётган украиналик эркакларнинг оммавий эмиграцияси билан биргаликда, босқиннинг дастлабки кунларидан бери руҳий ҳолат энг паст даражада эканлиги кўриниб турибди", — дейилади материалда.
Ноябр ойи бошида "Politico" Украина мухолифати Зеленскийни самарасиз энергетика сиёсати орқали мамлакат хавфсизлигига путур етказишда айбламоқчи эканини хабар қилган. Страна.ua нашри эса мухолифат сиёсатчилари коррупцияга қарши кураш ва армия билан боғлиқ муаммолардан фойдаланиб, Зеленский позициясини заифлаштиришга уринаётганини ёзган.
Украина Миллий коррупцияга қарши бюроси (NABU) 10 ноябрь куни энергетика соҳасида кенг кўламли махсус операция ўтказилаётганини маълум қилди. Рада депутати Ярослав Железнякнинг айтишича, бюро собиқ энергетика вазири ва ҳозирги адлия вазири Герман Галушенко ҳамда "Энергоатом"да тинтов текширувлари ўтказмоқда.
"Украинская правда" нашри манбасига кўра, NABU ходимлари тадбиркор ва Зеленскийнинг яқин таниши саналган, Украинадан чиқиб кетишга улгурган Тимур Миндичнинг уйида ҳам тинтув ўтказишга келган.
Кейинроқ NABU энергетика соҳасидаги коррупция ишига оид аудиоёзувлардан парчаларни эълон қилди. Уларда "Тенор", "Рокет" ва "Карлсон" деб аталган шахслар тилга олинган. Железнякнинг маълумотига кўра, "Карлсон" — Миндич, "Тенор" — "Энергоатом" вакили Дмитрий Басов, "Рокет" эса собиқ энергетика вазири Галушенконинг маслаҳатчиси Игор Миронюкдир.