Улар қурултой натижаларини бекор қилишга қарши.
Туркиянинг энг йирик мухолиф партияси — Жумҳурият халқ партияси (CHP) тарафдори бўлган қарийб 50 минг киши 15 сентябрь куни бўлиб ўтадиган суд мажлиси арафасида Анқара кўчаларида намойиш ўтказди. Бу ҳақида Reuters ахборот агентлиги хабар берди.
Мазкур судда CHP’нинг 2023 йил ноябрь ойида ўтказилган қурултойи натижаларини бекор қилиш масаласи кўриб чиқилиши режалаштирилган. Шу қарор қабул қилинса, партия етакчиси сифатида сайланган Ўзгюр Ўзел лавозимидан четлатилиши мумкин.
CHP вакиллари овозларни сохталаштириш ҳақидаги айбловларни рад этиб, ишни “сиёсий сабаблар билан очилган” деб аташмоқда.
— “Бу иш сиёсий мазмунга эга, айбловлар эса туҳматдан иборат. Бизнинг сафдошларимиз айбсиз. Бундай жараён келажакдаги ҳукуматга қарши уюштирилаётган тўнтаришдир. Биз бунга қарши курашамиз”, — деди Ўзгюр Ўзел намойишда қилган чиқишида.
CHP 2024 йилги маҳаллий сайловларда Президент Ражаб Тоййиб Эрдўған бошчилигидаги Адолат ва тараққиёт партияси (AKP) устидан ғалаба қозонган эди. Партиянинг машҳурлиги сўнгги ижтимоий сўровлар натижасида ҳам ортиб бораётгани қайд этилмоқда.
Reuters маълумотига кўра, ўтган бир йил давомида коррупция бўйича терговлар доирасида CHP’нинг 500 дан ортиқ аъзоси қўлга олинган. Жорий йил март ойида Эрдўғаннинг асосий сиёсий рақиби, Истанбул мэри Экрем Имамўғлунинг ҳибсга олиниши ҳам бутун мамлакат бўйлаб кенг кўламли норозиликларга сабаб бўлганди.