Лойиҳа устида икки йилдан ортиқ вақт давомида турли илмий соҳалардан 273 нафар олим ва тадқиқотчи ишлаган. Луғатга 15 та йўналиш бўйича тайёрланган 630 та мақола киритилган.
Нашр Фаластин академик фикр платформаси томонидан тайёрланган бўлиб, унинг тақдимоти «Анадолу» агентлиги майдонида ўтказилди.
Луғат муаллифлари нашрни оддий маълумотнома эмас, балки Фаластин ҳақидаги жамоавий тарихий хотирани акс эттирувчи манба сифатида кўришмоқда.
«Сўзни сақлаш — хотирани сақлаш демакдир», — деди «Анадолу» бош директори ўринбосари Оғуз Энис Перу.
Нашрда Фаластин-Исроил можаросига оид айрим атамалар муаллифларнинг ўз талқинида берилган. Жумладан, «хавфсизлик девори» ўрнига «апартеид девори» ва «шармандалик девори», «кўчиб келувчи» ўрнига эса «босқинчи» атамалари қўлланган. 1967 йилдаги Олти кунлик уруш «1967 йилдаги Исроил агрессияси» деб аталган.
Луғатда ҳар бир мақолага оид манбалар ва ҳаволалар текширилган. Китобдан фойдаланишни осонлаштириш учун ўзаро ҳаволалар ҳамда академик, мавзули ва турли тайёргарлик даражасига эга ўқувчилар учун мўлжалланган уч хил ўқиш қўлланмаси тайёрланган.
Лойиҳанинг асосий тушунчаларидан бири «сумуд» бўлиб, у Фаластин халқининг матонати ва қаршилигини англатади.