Туркия Ташқи ишлар вазирлиги Исроилнинг ишғол қилинган Ғарбий соҳилдаги E1 ҳудудида яҳудий мустамлакаларини қуриш режасини кескин қоралади.
Вазирлик баёнотида қайд этилишича, мазкур қадам Ғарбий соҳил ва Шарқий Қуддусни амалан бир-биридан ажратиб қўяди, халқаро ҳуқуқ ва БМТ резолюцияларини бузади ҳамда Фаластин давлатининг ҳудудий яхлитлиги ва икки давлатли ечим истиқболини йўққа чиқаради.
Ҳужжатда таъкидланишича, 1967 йилги чегаралар асосида, Шарқий Қуддус пойтахт этиб белгиланган мустақил ва суверен Фаластин давлатини барпо этиш – минтақада адолатли ва барқарор тинчликка эришишнинг ягона йўлидир.
«Туркия фаластинликларнинг адолатли курашини қўллаб-қувватлашда давом этади», — дейилган баёнотда.