Тўқаев жамоат бинолари деворларига граффити чизишни вандализм ва безорилик кўриниши деб атади. Президент Остона шаҳри акими Женис Қосимбекка бундай тасвирларни чизадиганларга нисбатан қатъий чоралар кўришни топширди.
«Қозоғистон шаҳарларида бунга йўл қўйиб бўлмайди. Дунё бўйлаб муниципал ҳудудларни хунуклаштираётган бундай “ижод”ни тўлиқ тақиқлаш учун қонуний ва меъёрий чоралар кўриш керак», — деди Тўқаев республика миқёсидаги «Таза Қазақстан» экологик акцияси давомида.
Акция доирасида президент Президент боғида дарахт экишда иштирок этди ва давлат идоралари раҳбарларининг ҳисоботларини тинглади.
Унинг сўзларига кўра, йил бошидан бери Қозоғистонда 7 миллион киши иштирокида 600 дан ортиқ экологик тадбир ўтказилган. Шу даврда 130 минг гектардан ортиқ ҳудуд тозаланган ва 1,3 миллион дарахт экилган.