АҚШ президенти Дональд Трамп маъмуриятининг собиқ матбуот котиби Кэролайн Левитт 1 ноябрдан Fox News телеканалида сиёсий шарҳловчи сифатида иш бошлайди. Бу ҳақда телеканал маълум қилди.
29 ёшли Левитт Fox News’нинг турли дастурларида иштирок этиб, сиёсий ва жамоат ҳаётига оид мавзулар бўйича ўз фикрларини билдириб боради.
Fox News Media раҳбари Сьюзан Скотт Левиттнинг Оқ уйдаги ва президентлик сайловолди кампаниясидаги иш тажрибаси унга АҚШдаги замонавий сиёсий жараёнларни чуқур тушуниш имконини беришини таъкидлади.
Левитт ҳам янги лавозимида Fox News аудиторияси билан Оқ уй матбуот котиби сифатидаги тажрибасига асосланган қарашларини бўлишишни интиқлик билан кутаётганини билдирди.
Кэролайн Левитт август ойида иккинчи фарзанди туғилганидан сўнг Оқ уй матбуот котиби лавозимини тарк этган. Дональд Трамп унинг оиласи билан кўпроқ вақт ўтказиш истагини тушунишини ва ҳурмат қилишини айтган.
Левитт 2025 йил январь ойида Оқ уй матбуот котиби лавозимини эгаллаган. Ўша пайтда у 27 ёшда бўлиб, Оқ уй тарихидаги энг ёш матбуот котибига айланган.
У Трампнинг биринчи президентлик муддати даврида Оқ уй матбуот хизмати раҳбари ёрдамчиси сифатида ишлаган. Кейинчалик 2024 йилги президентлик сайловларида Трампнинг сайловолди кампанияси матбуот котиби вазифасини бажарган.