Бу ҳақда у Жанубий Каролина штатининг Миртл-Бич шаҳрида тарафдорлари олдида сўзлаган нутқида маълум қилди.
Трамп Эрон билан эҳтимолий келишув ҳақида гапирар экан, Теҳрон бундай битимга эришишни жудаям хоҳлаётгани, Вашингтон эса бунга эҳтиёж бор-йўқлигига ҳали амин эмаслигини айтди.
"Улар келишувни жудаям хоҳлашяпти. Биз эса буни хоҳлаймизми, йўқми, билмаймиз, чунки мен ҳозир Ҳўрмуз бўғозини Америка ҳудуди деб ҳисоблайман. Бу Америка ҳудуди", — деди у.
Доналд Трамп АҚШ Эроннинг ядро қуролига эга бўлишига йўл қўймаслигини ҳам таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Вашингтон айнан шу мақсадда можарога аралашган.
"Биз Эроннинг ядровий қуролга эга бўлишига йўл қўя олмаймиз, акс ҳолда сизни жуда нохуш оқибатлар кутади. Шу сабабли биз бунга аралашиб, уларни тўхтатиб қолдик. Уларда ҳеч қачон ядровий қурол бўлмайди", — деди Оқ уй раҳбари.
Ҳўрмуз бўғози жаҳон энергетика бозори учун стратегик аҳамиятга эга. У орқали Форс кўрфазидаги нефт ва газ экспортининг катта қисми жаҳон бозорига олиб чиқилади. Феврал ойи охирида АҚШ ва Исроил Эронга қарши уруш бошлагач Теҳрон Ҳўрмуз бўғозида кемалар қатновини деярли тўхтатиб қўйди.