АҚШ президенти Доналд Трамп агар Ўмон Эрон билан Ҳўрмуз бўғози устидан назорат ўрнатиш учун ҳамкорлик қилса, унга қарши ҳарбий куч ишлатиш билан таҳдид қилди.
27 май куни бўлиб ўтган ҳукумат йиғилишида журналист Трампдан Ўмон ва Эроннинг стратегик сув йўлидаги савдони назорат қилиши ғоясига муносабатини сўради. Президент бунга кутилмаган таҳдид билан жавоб қайтарди ва бу стратегик сув йўлини ҳеч ким ўзбошимчалик билан назорат қила олмаслигини таъкидлади.
"Ҳўрмузни ҳеч ким назорат қилолмайди. Бу халқаро сувлар ҳисобланади ва Ўмон ҳам худди бошқалар каби ўзини муносиб тутиши керак, акс ҳолда биз уларни портлатишимизга тўғри келади", — деди Трамп.
Дастлаб Трамп шунчаки адашиб, “Эрон” ўрнига “Ўмон” деб юборган бўлиши мумкинлиги ҳақида тахминлар пайдо бўлди. Бироқ кейинчалик АҚШ Давлат департаменти ижтимоий тармоқларда ушбу баёнотнинг айнан мазкур давлатга ишора қилинган матнини улашди.
Трампнинг ушбу таҳдиди Эрон давлат телевидениеси икки мамлакат ўртасидаги ўзаро англашув меморандуми лойиҳаси ҳақида хабар тарқатганидан кейин берилди. Мазкур келишув лойиҳасида Эрон ва Ўмонга Ҳўрмуз бўғозини биргаликда бошқариш ҳуқуқини таъминлаши кўзда тутилган. АҚШ маъмурияти эса ушбу хабарни “мутлақо уйдирма” деб атади.