АҚШ Молия вазири Стивен Мнучин агар пастор Эндрю Брансон қўйиб юборилмайдиган бўлса, Туркияга нисбатан янги санкциялар жорий этилишини билдирди.
Bloomberg хабарига кўра, Оқ уйда бўлиб ўтган йиғилишда президент Дональд Трамп Туркиянинг яхши дўст эмаслигини маълум бўлганини айтган.
“Бир жойда бировнинг озод қилиниши учун ёрдам керак бўлди, биз ёрдам бердик. Бизнинг ажойиб пасторимизни эса ушлаб туришибди. Бу адолатдан эмас, тўғри эмас”, – деди Трамп.
АҚШ президенти тилга олган “биров” – Исроилда қўлга олинган Туркия фуқароси Эбру Ўзкан. У АҚШнинг аралашуви билан озодликка чиққан эди.
Туркия Ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғлу Трампнинг гапига жавобан АҚШ раҳбарияти ҳақиқий дўст ким эканини айира олмай қолганини айтди.
“АҚШдагиларга неча марталаб шундай дедик: санкция, дўқ-пўписа, босим – булар Туркияга ўтмайди. Хоҳлаганингизни қилинг. Муаммоларни ҳал қилишни истасангиз, келинглар, биз билан ўтиринглар, қандай қадам ташлашни гаплашайлик. Дипломатияга розимиз, муаммоларни ҳал қилишга розимиз. Бироқ босим билан эмас, келишиш билан бўлади бу ишлар. Йўқ, мен келишмайман, босим ўтказаман десангиз, энди ҳеч бир давлат буни кўришни истамайди. Ҳар бир давлат, ҳар бир халқ ўзига ҳурмат кўрсатилишини истайди. Биз ҳаммага ҳурмат кўрсатамиз, ҳамма ҳам бизга ҳурмат кўрсатишини истаймиз, бундан ортиғини керак эмас”, – деди Чавушўғлу.
Manba: azon. uz