АҚШ президенти Дональд Трамп Яман кучларининг Саудия Арабистони аэропортларига берган зарбаларига муносабат билдириб, ҳужумларни «даҳшатли» деб атади. Бироқ у ҳозирча Вашингтоннинг ҳарбий аралашуви ҳақида аниқ баёнот бермади. Бу ҳақда «Тасним» агентлиги хабар берди.
Трамп АҚШ Яманнинг «Ансоруллоҳ» ҳаракати билан ҳали ҳам алоқада эканини таъкидлаб, вазият қандай ривожланишини кутиш кераклигини айтди.
Америка президенти Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон билан ҳали суҳбатлашмаганини, аммо у билан боғланиш нияти борлигини ҳам маълум қилди.
Журналистларнинг АҚШ Ямандаги можарога аралашишни режалаштираётгани ҳақидаги саволига жавобан Трамп Саудия Арабистони ўзини ҳимоя қилишга қодирлигини таъкидлади.
Унинг баёноти Вашингтоннинг Ямандаги можарога бевосита ҳарбий аралашувдан тийилиш позицияси билан боғлиқ деб баҳоланмоқда.