АҚШ президенти Дональд Трампга Россия раҳбари Владимир Путин, айниқса, унинг бошқарув услуби жуда ёқади.
Бу ҳақда Трампнинг собиқ адвокати Майкл Коэннинг хотираларида айтилган, деб хабар берди “The Washington Post”.
Қайд этилишича, газетада Коэннинг 8 сентябрь куни нашр этиладиган китобининг нусхаси пайдо бўлган.
Унда таъкидланишича, Трамга Путиннинг “мамлакатни ўз раҳбарлиги остига олгани ва уни ўзининг шахсий компанияси каби бошқараётгани" жуда ёқади.
Шу билан бирга, Коэннинг сўзларига кўра, Трампнинг россиялик ҳамкасбига қойил қолишининг сабаби кўпчилик билганидан анча содда. Гап шундаки, 2016 йилги АҚШ президентлик кампанияси пайтида Трамп Путинни дунёдаги энг бой одам деб билган ва Оқ уй раҳбари, собиқ адвокатнинг сўзларига кўра, пулни жуда қадрлайди.
Эслатиб ўтамиз, Коэн 2018 йилнинг декабрь ойида бир қатор жиноятлар, жумладан, солиқ тўлашдан бўйин товлаш, сайлов кампаниясини молиялаштириш қоидаларини бузиш, банк фирибгарлиги ва АҚШ молия институтларига ёлғон маълумот бериш каби ишлар сабаб уч йилга озодликдан маҳрум қилинган, бироқ май ойида CОVID-19 таҳдиди туфайли муддатидан олдин озод этилиб, уй қамоғига олинганди.